Валерий Карпин Элдор Шомуродовнинг ҳозирги ўйинларига баҳо берди
Россия терма жамоаси бош мураббийи Валерий Карпин Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Элдор Шомуродовнинг ҳозирги спорт формаси ҳақида фикр билдирди. Мутахассис ҳужумчининг сўнгги йиллардаги ўсишини эътироф этди. Бу ҳақда Россия терма жамоасининг Тошкентдаги ўйинолди матбуот анжуманида маълум қилинди.
Манбага кўра, Карпин Шомуродовнинг имкониятларини яхши билишини, аммо унинг ҳозирги даражасига аниқ баҳо бериш учун футболчи билан биргаликда машғулот ўтказиш зарурлигини таъкидлаган. Мураббий ҳужумчи ўз салоҳиятини ҳали ”Ростов”да ўйнаган давридаёқ кўрсата бошлаганини эслатган.
Шунингдек, россиялик мутахассис Шомуродовнинг Италия футболидаги тажрибаси унинг ривожланишига ёрдам берганини қайд этган. Карпин ҳужумчи ҳозир эришган савиясини сақлаб қолиши муҳим эканини билдирган. Мураббий Ўзбекистон терма жамоаси ҳам 2022-йилги ўзаро учрашувдан буён сезиларли кучайганини айтган.
Маълумот учун, Элдор Шомуродов 2017-йилдан 2020-йилгача Россиянинг ”Ростов” клубида тўп сурган. Ушбу даврда жамоани Валерий Карпин бошқарган. Кейинчалик ўзбекистонлик футболчи Италияда ”Женоа”, ”Рома”, ”Специя” ва ”Кальяри” клубларида фаолият юритган.