«Спортинг» Руй Боржешни истеъфога чиқариши мумкин
Лиссабоннинг «Спортинг» клубида жиддий ўзгаришлар юз бериши мумкин. Гап, аниқроғи, жамоа бош мураббийи лавозимидаги эҳтимолий алмашинув ҳақида кетмоқда. A Bola нашри хабар беришича, клуб раҳбарияти амалдаги бош мураббий Руй Боржешни истеъфога чиқариш масаласини жиддий кўриб чиқмоқда.
Манба маълумотларига кўра, ушбу лавозимга асосий номзод — Паулу Фонсека. «Рома» ва «Милан» клубларининг собиқ устози ҳозирда «Лион»ни бошқармоқда. Бироқ унинг Франция клубидаги келажаги ҳам савол остида. Агар мутахассис «Лион»ни тарк этса, унинг Лиссабонга кўчиб ўтиши борасида томонлар ўзаро келишувга эришиши керак бўлади.
Музокаралар муваффақиятли якунланган тақдирда, Фонсека янги жамоасидаги илк учрашувини Португалия Кубогининг тўртинчи босқичи доирасидаги «Униан да Серра»га қарши ўтказиши мумкин.