«Реал» Алексис Мак Аллистерни 2027 йилда сотиб олмоқчи
Мадриднинг «Реал» клуби 2027 йилда «Ливерпуль» ярим ҳимоячиси Алексис Мак Аллистерни ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда. «Қироллик клуби» 27 ёшли футболчининг эҳтимолий трансфер қийматини камайтириш мақсадида битимга ўзининг уч нафар футболчисидан бирини қўшишга тайёр. Бу ҳақда El Intransigente нашри хабар берди.
Манба маълумотларига кўра, мадридликлар «Ливерпуль»га ҳужумчи Браим Диас, ярим ҳимоячи Эдуардо Камавинга ёки ҳимоячи Трент Александер-Арнольдни таклиф қилиши мумкин.
Таъкидланишича, «қизиллар» 2022 йилги жаҳон чемпионининг трансфери учун 100 миллион евро талаб қилмоқда.
Мак Аллистер жорий мавсумда барча мусобақалар доирасида 13 та учрашувда иштирок этиб, 4 та гол ва 1 та голли узатма муаллифига айланди. Футболчининг «Ливерпуль» билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, аргентиналик ярим ҳимоячининг бозор қиймати 70 миллион еврони ташкил этмоқда.