“Манчестер Юнайтед” 100 минг ўринли янги стадион лойиҳасини мухлислар билан муҳокама қилмоқда
Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби 100 минг томошабинга мўлжалланган янги стадион қуриш лойиҳаси бўйича мухлислар фикрини ўрганишни бошлади. Раҳбарият арена якуний дизайнини ишлаб чиқишда ишқибозлар таклифларини ҳам инобатга олмоқчи. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, клуб мухлислар ўртасида махсус сўровнома ўтказмоқда. Унда бўлажак стадионнинг қулайликлари, трибуналар муҳити, тарихий анъаналарни сақлаб қолиш, чипталар нархи ва транспорт масалаларига эътибор қаратилади. Ишқибозлар 6 ноябрга қадар ўз фикрларини билдиришлари мумкин.
“Манчестер Юнайтед” раҳбарияти янги арена нафақат замонавий стадион, балки клубнинг кўп йиллик тарихини акс эттирувчи маскан бўлишини истамоқда. Янги стадионни ҳозирги “Олд Траффорд”дан тахминан 350 метр шимоли-ғарбда қуриш режалаштирилган. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 2 миллиард фунт стерлингдан ортиқ бўлиши мумкин.
Маълумот учун, “Манчестер Юнайтед”нинг амалдаги “Олд Траффорд” стадиони 1910 йилда очилган. Клуб режалаштираётган янги 100 минг ўринли арена амалга оширилса, Англиядаги энг йирик футбол стадионларидан бирига айланади. Ҳозирча унинг якуний дизайни ва қурилишнинг тугаш санаси тасдиқланмаган.