FIFA аёллар Жаҳон чемпионати иштирокчиларига ажратиладиган маблағни оширди
FIFA 2027 йилда Бразилияда бўлиб ўтадиган аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик учун ажратиладиган маблағни сезиларли даражада оширишга қарор қилди. Унга кўра, мундиалда қатнашадиган ҳар бир миллий футбол ассоциациясига 2,5 миллион АҚШ доллари ажратилади. Бу ҳақда FIFA расмий сайти хабар бермоқда.
Манбага кўра, янги молиявий тақсимот модели FIFA Кенгаши бюроси томонидан тасдиқланган. Қарор натижасида 32 та иштирокчи ассоциацияга ажратиладиган умумий тайёргарлик маблағи 80 миллион долларга етади. Ушбу кўрсаткич 2023 йилги аёллар Жаҳон чемпионатига нисбатан икки баравардан кўпроқ ошган. Маблағлар 2026 йил декабридан олдин ассоциациялар ихтиёрига тақдим этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, 2027 йилги мундиалда иштирок этадиган футболчи аёллар учун хизмат кўрсатиш шароитлари 2026 йилги эркаклар Жаҳон чемпионати даражасига тенглаштирилади. FIFA мусобақадан тушадиган қўшимча даромаднинг бир қисмини миллий ассоциациялар ва футболчиларга йўналтиришни ҳам кўзда тутмоқда. Мукофот пуллари ҳамда клубларга бериладиган компенсациялар бўйича қўшимча тафсилотлар декабрь ойидаги йиғилишда муҳокама қилинади.
Маълумот учун, 2027 йилги аёллар Жаҳон чемпионатига Бразилия мезбонлик қилади. Мусобақа тарихда илк бор Жанубий Америкада ташкил этилади ва унда 32 та терма жамоа иштирок этади. FIFA томонидан тасдиқланган янги молиявий тизим аёллар футболи ривожини ҳамда миллий терма жамоалар учун янада қулай шароит яратишни кўзда тутади.