Камавингага ҳужум қилган “Барселона” мухлиси топилди
Испания полицияси “Барселона” ва “Реал Мадрид” ўртасидаги Эл-Класико вақтида мадридликлар ярим ҳимоячиси Эдуардо Камавингага ҳужум қилган мухлиснинг шахсини аниқлади. Бу ҳақда AS нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, “Реал Мадрид” футболчилари иккинчи голни нишонлаётган вақтда “Барселона” мухлиси байроқ дастаси билан Камавинга ҳамда унинг ёнидаги футболчиларга бир неча бор зарба берган. Ла Лига ушбу воқеа юзасидан полицияга шикоят қилган.
Каталония полицияси “Барселона” клуби хавфсизлик хизмати кўмагида қоидабузарнинг шахсини аниқлаган ва унга нисбатан маъмурий иш қўзғатган. Мухлисга 3 мингдан 60 минг еврогача жарима солиниши, шунингдек, 2 йилдан 5 йилгача стадионларга кириш тақиқланиши мумкин.
Маълумот учун, ушбу мухлис “Барселона”нинг “Grada 1957” фанатлар гуруҳи аъзоси ҳисобланади. Унинг ҳаракатлари клубнинг интизомий комиссияси томонидан ҳам кўриб чиқилади. Эл-Класикода “Реал Мадрид” сафарда “Барселона”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этган.