\"Қизилқум\" бош мураббийи қандай касаллик туфайли Сербияга кетгани маълум
Навоийнинг "Қизилқум" клуби бош мураббийи Никола Лазаревич соғлиғи билан боғлиқ муаммо туфайли Сербияга жўнаб кетгани ҳақида ЎзПФЛ эълон қилди. Унинг ўрнига жамоани вақтинча Акмал Холиқов бошқариб туради.
Sports24.uz маълумотига кўра, Лазаревич март ойи охирларида шамоллаб қолган ва 28 март кунги ОКМКга қарши ўйинда ҳам уколлар ёрдамида жамоани бошқарган. Кейинги текширувда мураббийда пневмония аниқланган. Шу сабаб Лазаревич 30 март куни ўз юртига жўнаб кетишга мажбур бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ўз уй ўйинларини Самарқандда ўтказаётган "Қизилқум" бу мураббий қўл остида дастлабки 3 та ўйинда 3 очко тўплади. 4-турдан ўрин олган "Хоразм"га қарши баҳс Самарқанддаги сиёсий тадбирлар туфайли 6 июнга қолдирилди.
"Қизилқум" навбатдаги ўйинни 8 апрель куни Ўзбекистон кубоги доирасида "Андижон ФА"га қарши ўтказади.