Ислом Исмоилов: «Жамоамиз бундай йирик ҳисобдаги мағлубиятга лойиқ эмасди»
Бугун Суперлиганинг 18-турига старт берилди. Марказий ўйин Бухорода бўлиб ўтди.
«Бухоро» клуби пешқадам «Нефтчи»ни қабул қилди. Ажойиб ўтган беллашувда мезбонлар амалдаги чемпионни 4:1 ҳисобида тор-мор қилди. Мана шундай аламли мағлубиятдан кейин фарғоналиклар устози Ислом Исмоилов матбуот анжуманида қатнашди.
- Биринчи навбатда рақиб жамоани ғалаба билан табриклайман. Бу биз учун аламли мағлубият. Ҳимояда қўпол хатоларга йўл қўйдик. Қачондир бундай ҳолат бўлиши керак эди. Афсуски, бугунга тўғри келди. Лекин жамоамиз бундай йирик ҳисобдаги мағлубиятга лойиқ эмасди.
- Асосий таркибнинг 5 нафар футболчиси йўқ эди. Бу қай даражада таъсир қилди, деб ўйлайсиз?
- Бу баҳона бўла олмайди. Сабаби, таркибимизда уларнинг ўрнини тўлдира оладиган футболчилар бор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз бундай мағлубиятга учрамаслигимиз керак эди. Умуман, ўйинни оладиган бўлсак, «Бухоро» жамоаси қарши ҳужумларда ўйнади. Ҳатто, биринчи бўлимда ҳам ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Биргина хато, рақиб пеналтидан гол урди. Кейин ҳисобни тенглаштирдик. Иккинчи бўлимда ҳам яхши бошлашга ҳаракат қилгандик. Аммо оддий вазиятда хато, кейин бурчак тўпи ва шундан рақиб гол уриб кетди. Кейин учинчи ва тўртинчи голлар... Булларни ҳаммаси оддий хатолар, кулгили хатолар. Тўпни рақибга бериб қўяпмиз ва рақиб гол уряпти. Ҳаммаси индивидуал хатолар деб биламан. Умуман олганда, ёмон ўйнамадик, деб ўйлайман.
- Бугунги йирик мағлубиятнинг кейинги ўйинларга таъсири борми? Рухий жиҳатдан тайёрлаш мумкинми?
- Таркибимиздаги футболчилар профессионал. Бундай ҳолатдан тезроқ чиқиб кетишга ҳаракат қиламиз. Албатта, бугунги учрашувни таҳлил қилиб чиқамиз. Хатолар устида ишлаймиз. Камчиликларимизни тўғрилаб, кейинги беллашувда мухлисларимиз кўз ўнгида ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
- «Бухоро»ни биринчи ва иккинчи даврадаги ўйинларини таққослайдиган бўлсангиз, қай тарзда хавфли ўйин кўрсата олишди?
- Биринчи даврада ҳам «Бухоро» жамоаси деярли шу услубда ўйнаганди. Ўшанда ҳам пеналтидан ҳисобни очганди. Иккинчи даврада ҳам яна пеналтидан ҳисобни очишди. Кўпроқ қарши ҳужумларга эътибор қаратди ва узун паслар билан ўйнашга ҳаракат қилди. Деярли ўйин услуби ўша. Ўша мураббий ишлаяпти ва ҳеч нарса ўзгаргани йўқ», – дея бош мураббийнинг сўзларини келтиради, Tribuna.uz мухбири.