Дунёнинг энг яхши дарвозабони мукофотини олган Унаи Симон дербида мухлисларни ҳайратда қолдирди
Бильбаонинг “Атлетик” клуби дарвозабони Унаи Симон Испания чемпионатида “Реал Сосьедад”га қарши кечган дербида ажойиб ўйин намойиш этди. Яқиндагина дунёнинг энг яхши дарвозабонига топшириладиган Лев Яшин совринини қўлга киритган испаниялик футболчи жамоасининг 2:1 ҳисобидаги ғалабасига катта ҳисса қўшди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Симон учрашув давомида тўртта мураккаб зарбани қайтарган. Айниқса, Карлос Солернинг хавфли зарбасидан сўнг амалга оширган сейви стадиондаги мухлисларни ҳайратда қолдирган. “Сан-Мамес”га йиғилган 50 092 нафар томошабин ўйин давом этаётганига қарамай, дарвозабонни узоқ вақт тик туриб олқишлаган.
Бильбао жамоасининг голларига Иньяки Уильямс ва Алекс Беренгер муаллифлик қилган. Ушбу ғалаба орқали “Атлетик” “Реал Сосьедад”нинг Баск дербиларидаги кетма-кет тўртта ғалабадан иборат сериясига барҳам берган. Учрашув клуб ва мухлислар учун тарихий аҳамиятга ҳам эга бўлган.
Маълумот учун, Унаи Симон 14 ёшида “Атлетик” академиясига қўшилган ва фаолиятини шу клуб билан боғлаган. Мазкур дерби 1976 йилда икки жамоа сардорлари Басклар мамлакати байроғини майдонга олиб чиққан тарихий воқеанинг 50 йиллигига ҳам тўғри келган.