“Барселона” Фермин Лопес билан 100 миллион евро эвазига хайрлашиши мумкин
“Барселона” молиявий вазият сабаб ярим ҳимоячи Фермин Лопес бўйича йирик трансфер таклифларини кўриб чиқиши мумкин. Испаниялик футболчига “Челси” ва ПСЖ қизиқиш билдирмоқда. Каталония клуби уни тахминан 100 миллион еврога сотишга рози бўлиши мумкин. Бу ҳақда CaughtOffside нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, “Барселона” раҳбарияти ҳозирча Лопес билан хайрлашишни режалаштирмаяпти. Бироқ клубнинг молиявий эҳтиёжлари сабаб катта таклиф келиб тушса, вазият ўзгариши мумкин. Айниқса, ПСЖ футболчини қўлга киритиш учун расмий таклиф тайёрлаётгани айтилмоқда.
“Челси” ҳам испаниялик ярим ҳимоячига қизиқишини сақлаб қолган. Лондон клуби 2025 йил ёзида Лопесни ўз сафига қўшмоқчи бўлган, бироқ футболчи “Барселона”да қолишни афзал кўрган. Ҳозирча томонлар ўртасида расмий келишувга эришилгани ҳақида маълумот йўқ.
Маълумот учун, 23 ёшли Фермин Лопес “Барселона”нинг асосий жамоасида 2023 йилдан буён тўп сурмоқда. У шу вақтгача 148 та учрашувда 37 та гол ва 32 та голли узатмани қайд этган. Футболчининг амалдаги шартномаси 2031 йилгача мўлжалланган.