Асрор Ғофуров: \"Бангладешда 2-3 та яхши стадион бор холос\"
Сўнгги йилларда ўзбекистонлик футболчиларнинг Бангладеш чемпионатига кўчиб ўтиши одатий ҳолга айланиб қолди. Бу йилги мавсумда мазкур мамлакатда 11 нафар ҳамюртимиз фаолият олиб бормоқда. Бошқа ҳеч бир мамлакат футболчилари сони бунчалик кўп эмас.
Sports24.uz охирги икки мавсум Бангладеш чемпиони бўлган ярим ҳимоячи Асрор Ғофуров билан боғланди ва бир қатор саволлар билан юзланди. Ғофуров 2022 йил "Саиф", 2023 йил бошидан то 2024 йил ёзига қадар "Башундхара Кингс" клубларида тўп тепди. 2025 йил бошида яна "Башундхара" сафига бориб қўшилди.
– Бир неча йиллар давомида Бангладешда тўп тепгансиз. Айни пайтда сизни бу мамлакатдаги энг совриндор ўзбекистонлик футболчи деб атасак бўладими?
– Бангладешда икки марта чемпиони бўлганман. Икки бор Мустақиллик кубогини ва бир марта Федерация кубогини қўлга киритганман. Менимча бошқа ҳеч қайси ҳамюртимиз бу ерда бунчалик кўп соврин ютмаган. Демак энг совриндор десангиз бўлади (кулади).
– Жаҳонга машхур transfermarkt порталига кўра, сиз айни пайтда Бангладеш чемпионатидаги энг қиммат футболчилар орасида 2-ўринда экансиз. Бу сизга босим юкламайдими?
– Бу ҳақда билмасдим. Тўғриси бу нарсаларга ортиқча эътибор қилмайман, майдонга тушиб ўйинимни ўйнайман холос.

– Ўтган йил ёзда "Қизилқум"га келдингиз ва ярим йил Суперлигада ўйнадингиз. Нима учун яна Бангладешга қайтишга қарор қилдингиз?
– Қишда "Қизилқум"дан кетганимдан кейин собиқ клубимдагилар менга алоқага чиқишди ва иккинчи даврада ёрдам беришимни сўрашди. Раҳбарият ҳам, мураббийлар ҳам менга ишонишгани учун "Башундхара Кингс"га қайтишга қарор қилдим.
– Бангладеш чемпионатида 10 та тур ортда қолди ва клубингиз пешқадамдан 7 очкога ортда қолмоқда. Чемпионлик қўлдан кетдими?
– Биласиз чемпионат 18 тур давом этади. Демак олдинда яна 8 та ўйин бор. Тўғри барчаси ўз қўлимизда эмас, лекин 7 очколик фарқни йўққа чиқарса бўлади. Бу футбол. Биз майдонга тушиб ҳар бир баҳсда ғалаба қозонишга уринамиз, мусобақа жадвалига охирида қараймиз.
– Бангладешдаги стадионлар ҳолати қандай даражада?
– Ростини айтсам Бангладешда иккита-учта яхши савиядаги стадионлар бор холос. Қолган майдонлар ҳақида бундай деб айта олмайман. "Башундхара Кингс", "Абахани" ва "Мохемеддан" клубларининг стадионларини яхши дея оламан.
– Ўзбекистон чемпионатини тарк этган бўлсангиз ҳам Суперлигани кузатиб бораётган бўлсангиз керак. Дастлабки турларда қайси клубнинг ўйинлари сизни хайрон қолдирмоқда?
– Албатта, интернет орқали Суперлиганинг ўйинларини кузатяпман, томоша қилиб боряпман. Шахсан мен учун илк турларда "Бунёдкор"нинг ўйини ва натижалари сюрприз бўлди. Жамоа анча яхши старт олди.
