Артём Петросян: “Кетма-кет мағлубиятлар жамоа руҳиятига таъсир кўрсатяпти”
“Андижон” – “Нефтчи” (0:2) ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманида мезбонларнинг вақтинча бош мураббийи Артём Петросян журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Ўйин ҳақида нима дейиш мумкин? Албатта, мухлислар ғалаба кутганди. Афсуски, уларни ғалаба билан қувонтира олмадик. Бугун жуда жиддий, ташкилотчилик жиҳатдан пухта жамоа билан беллашдик. Баҳс чоғида 1-ва 2-зоналардан ўтган бўлсак-да, 3-ва 4-зоналарда муаммоларга дуч келдик. Ачинарлиси шундаки, голга тортадиган хавфли вазиятларни яратишимизга рақиб имконият бермади. Бундан ташқари, рақибларга ўтиш фазаларида қаршилик кўрсата олмадик. Шунинг эвазига улар голлар уриб кетишди. Рақибни ғалаба билан табриклайман.
Бош мураббийсиз жамоага қийин бўляптими?
- Албатта, руҳий жиҳатдан қийин бўляпти. Айниқса, кетма-кет беш мағлубиятдан сўнг аҳвол янада ёмонлашди. Ёигитларни тетиклаштириш, уларни руҳий чуқурликдан чиқариб олиш жуда қийин масалага айланди. Тўғри, ўйиндан олдин тетиклаштиришга ҳаракат қилдик. Афтидан, бу етарли бўлмаган кўринади. Назаримда, бунга бизга вақт етарли бўлмади. Чунки, ҳар 3-4 кунда ўйин ўтказишимизга тўғри келяпти. Бундай режимда етарли вақт бўлмайди. Мағлубият кетидан мағлубиятлар сабаб жамоа руҳиятига таъсир кўрсатяпти.
Бугунги учрашувда майдон маркази бой берилди. Шу ҳақда муносабатингиз?
- Эҳтимол, “Нефтчи”нинг ўйинчилари ҳозирда бизникилардан кучли бўлгани учун ҳам бой берган бўлишимиз мумкин. Тўп йўқотилгандан кейин ўйинга уланиш деган нарса бор. Бугунги баҳсда бизга айнан шу нарса етишмади. “Нефтчи”нинг майдон марказидаги ўйинчилари эса бу борада бизникилардан яхши ҳаракат қилишди. Айнан шу вазиятларда ютқазиб қўйдик. Биз хавфли вазиятларни яратишда ҳам ожизлик қилдик. “Нефтчи” эса учта уринишидан иккисини голга айлантира олди. Фарқ мана шунда.
Олег Зотеевнинг ўйинига қандай баҳо берасиз?
- Биринчи гол Олег Зотеевнинг чизиғидан эмасди. У боши билан тўпга ўйнади. Биз иккинчи қаторда ютқаздик. Кейин ўнг томонимиздаги ҳимоячимиз диққатини йўқотиб қўйди ва Сайфиев гол уриб кетди. Иккинчи голда эса бизникилар бирга-бир вазиятда ютқазишди. Қандай баҳо бериш мумкин? Хатога йўл қўймайдиган футболчининг ўзи йўқ. Зотеев ўз ишига профессионал тарзда ёндашяпти. Жамоадаги ҳамма жуда мамнун. Машғулотларда фаол қатнашиб, асосий таркиб ўйинчиси эканлигини исботлаяпти.
Яққол ҳужумчи Рустам Турдимуродов ўрнига ярим ҳимоячи Усмонали Исмоналиев майдонга тушди. Кейинчалик эса ҳужумчи Ислом Машуков ўйинга қўшилди. Бу сизнинг тактик қарашингизмиди?
- Бу ва банк. Усмонали учун ҳужумда ўйнаши янгилик эмас. Олдин ҳам тўп сурган. “Бунёдкор”да ҳам ҳужумда ўйнаган пайтлари бўлган. Олдида чаққонроқ футболчи керак эди. Шунинг учун уни майдонга туширдик.