Девин Хейни ва Лиам Паро ўртасидаги чемпионлик жанги бекор бўлиши мумкин
Профессионал бокснинг ярим ўрта вазн тоифасидаги жаҳон чемпионлари Девин Хейни ва Лиам Паро ўртасида режалаштирилган бирлаштирувчи жанг атрофида келишмовчилик юзага келди. Австралиялик боксчи рақибининг антидопинг текширувларида иштирок этиш жараёни кечикаётганидан норозилик билдирди. Бу ҳақда BoxingScene нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, 19 декабрь куни АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган жанг олдидан Хейни VADA антидопинг дастурига расман рўйхатдан ўтмаган. Паро ушбу ҳолатдан хавотирда эканини билдириб, текширувлар ўз вақтида бошланишини талаб қилган. Вазиятдан хабардор манбалардан бири эса келишмовчилик бартараф этилмаса, жанг ўтказилиши хавф остида қолишини таъкидлаган.
Шундан сўнг Девин Хейни ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали антидопинг дастурида иштирок этишини маълум қилди. Америкалик боксчининг таъкидлашича, бу унинг VADA назорати остида ўтказадиган кетма-кет 14-жанги бўлади. Шунингдек, у фаолияти давомида 65 мартадан ортиқ допинг текширувидан муваффақиятли ўтганини билдирган. Бироқ нашр хабари эълон қилинган пайтда унинг дастурда расман рўйхатдан ўтгани ҳали тасдиқланмаган эди.
Маълумот учун, Девин Хейни WBO, Лиам Паро эса IBF йўналишида ярим ўрта вазн тоифаси чемпиони ҳисобланади. Икки боксчи ўртасидаги тўқнашувда мазкур ташкилотларнинг чемпионлик камарлари бирлаштирилиши кўзда тутилган. Жанг бекор қилингани ҳақида ҳозирча расмий қарор эълон қилинмаган.