Баҳодир Жалолов навбатдаги жанги Деонтей Уайлдерга қарши ўтказиши мумкин
Икки карра Олимпия чемпиони, ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалолов навбатдаги жанги собиқ WBC чемпиони, америкалик Деонтей Уайлдерга қарши ўтказиши мумкин. Бу ҳақда BoxingNews24 нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Уайлдер 11-декабрь куни Уэльснинг Кардифф шаҳрида австралиялик Жей Опетаяга қарши рингга кўтарилиши режалаштирилган эди. Бироқ Опетая қўлидан олган жароҳати сабаб жангдан воз кечди. Шундан сўнг нашр таҳлилчилари Баҳодир Жалоловни америкалик боксчига муносиб рақиб сифатида таклиф қилишди.
Нашр мутахассисларининг фикрича, Жалоловнинг жисмоний устунлиги, техник маҳорати ва халқаро майдондаги тажрибаси ушбу тўқнашувни томошабоп қилиши мумкин. Айниқса, ўзбекистонлик боксчининг масофани яхши назорат қилиши ва Уайлдернинг кучли ўнг қўл зарбаси жангдаги асосий қарама-қаршиликлардан бири бўлиши кутилмоқда. Бироқ ҳозирча томонлар ўртасида музокаралар бошлангани ёки расмий келишувга эришилгани ҳақида маълумот йўқ.
Маълумот учун, 32 ёшли Баҳодир Жалолов профессионал боксда 18 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Шулардан 15 тасини нокаут билан якунлаган. Ҳамюртимиз сўнгги жангини 17-октябрь куни Лондонда британиялик Соломон Дакресга қарши ўтказиб, ҳакамларнинг якдил қарори билан ғалаба қозонган.