Ўзбекистон U-17 терма жамоасини Жаҳон чемпионатига олиб чиққан мураббий Исломбек Исмоилов: \"Камбек бу яхши, аммо...\"
Хабарингиз бор, Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Саудия Арабистонида ўтатган Осиё кубогида иштирок этмоқда. Исломбек Исмоилов бошчилигидаги терма жамоамиз дастлабки иккита учрашувда Таиланд (4:1) ва Хитойни (2:1) мағлуб этиб, чорак финалга чиқиш билан биргаликда Жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳам қўлга киритди.
Энди ўсмирларимиз ноябрь ойида Қатар мамлакатида ўтадиган U-17 Жаҳон чемпионатида иштирок этишади. Аммо Осиё кубоги давом этмоқда ва муҳим баҳслар ҳали олдинда. Терма жамоа устози Исломбек Исмоилов билан боғландик ва бир қатор саволларга жавоб олдик.
– Аввало, терма жамоамиз ва Сизни мундиал йўлланмаси билан муборакбод этамиз.
– Табрик учун раҳмат! Бу нафақат менинг ёки мураббийлар штабининг балки Ўзбекистондаги барча мураббийларнинг ютуғи ҳисобланади. Мана шу йигитлар билан бир кун бўлса ҳам ишлаган мураббийлар туфайли Жаҳон чемпионатига чиқдик.
– Терма жамоа асосий вазифани бажариб бўлди – ЖЧ йўлланмаси қўлга киритилди. Шу боис кейинги ўйинларда бўшашиш ҳолати кузатилмайдими, йигитларни қандай руҳлантирасиз?
– Албатта, асосий вазифа Жаҳон чемпионатига чиқиш бажарилди. Лекин бу бизни хотиржамликка ундамаслиги керак. Футболчиларга Хитой билан учрашувдан кейиноқ таъкидлаб ўтганмиз: эмоцияларни назорат қилиш ҳамда Жаҳон чемпионатига чиқиш бу фақат йўлнинг бошланиши, олдимиздаги энди асосий мақсад Осиё чемпиони бўлиш кераклигини. Энди бундан буёғига биз ўз салоҳиятимизни тўлиқ кўрсатишимиз керак. Саудия Арабистони билан ўйин ҳам шундай синов. Йигитларда ғалаба иштиёқи бор. Ҳар бир ўйиндан-ўйинга ўсишни мақсад қилганмиз. Руҳий бўшашиш йўқ, аксинча, энди янада катта иштиёқ билан олдинга ҳаракат қиламиз.
– Кўпчилик Таиланд ва Хитой терма жамоаларини кучсиз деб атамоқда. Бу фикрларга қўшиласизми?
– Гуруҳдаги дастлабки иккита рақиблар кучсиз эмасди. Таиланд яхши рақиб эди, таркибида индивидуал яхши футболчилар бор эди. Охирги йилларда Хитой футболи жадаллик билан ривожланмоқда. Бу терма жамоани япониялик мутахассис Кеничи Уемура бошқариб бормоқда, шу боис Хитой ўсмирларида мураббий имзоси кўринди. Иккала баҳсга ҳам жиддий тайёрландик, аммо бизда бироз руҳият билан боғлиқ муаммолар кузатилди. Барибир йигитларимиз ҳали ёш, шу туфайли қайсидир ҳолатларда ўйинимиз қовушмади, қайсидир вазиятларда яхши ўйнадик. Барчаси ортда қолди ва биз иккита ўйинда ҳам ғалаба қозона олдик.
– Агар гуруҳда 2-ўринни эгалласак катта эҳтимол билан Японияга қарши ўйнаймиз. Гуруҳ босқичини Саудия Арабистонидан тепада тугатиш қанчалик муҳим?
– Бу жуда муҳим жиҳат. Рақиб танлаш туфайли эмас, турнирга тайёргарлик кўрган стратегиямиз нуқтаи назаридан гуруҳда биринчи ўрин биз учун қулайроқ бўлади. Япония ҳар қандай ёш тоифасидан қатъий назар кучли, тизимли ва техник жамоа. Уларни чорак финалда кутиб олиш оғир бўлади. Саудия Арабистони ҳам ўз майдонида ўйнаяпти, бу уларга қўшимча куч беради. Шу сабабли биз бу ўйинга ҳам максимал даражада эътибор қаратамиз. Гуруҳ ғолиби сифатида кейинги босқичга чиқиш албатта биз учун яхши бўлади. Лекин шунга қарамасдан биз ҳар қандай исталган рақибга қарши ўйнашга тайёрмиз.
– Иккита ўйинда ҳам жамоаингиз 80-дақиқадан кейин голлар урди. Ўзбекистон ростдан ҳам "Камбэкистон"га айландими?
– Умуман олганда охирги ўйинларимизда бу одатий ҳолга айланиб қолди. Биз доим футболчиларга охиригача курашиш кераклигини уқтириб келамиз. Ўйиндаги ҳар бир дақиқа, ҳар бир сония биз учун имконият. Бунинг орқасида футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, ички характери ва руҳий бардоши турибди. Ундан ташқари ўйин охирида гол уриш бу фақат куч билан боғлиқ эмас балки футболчиларнинг иродаси ҳам. Қолганлар чарчаганда, бизда ҳали куч қолган бўлиши бу мураббийлар штаби ва тиббий гуруҳнинг ҳам катта меҳнатидир. Лекин мен ўйинларимизни эртароқ ҳал қилишимизни истардим. Камбек қилиш яхши, аммо рақибга имкон бермаслик бундан ҳам муҳимроқ.