Вадим Абрамов: \"Рақиблар бизнинг, биз эса рақибларнинг қандай ўйнашини яхши билардик, аммо...\"
"Динамо" - “Сурхон” (1:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
Ўйин ҳақида
- Баҳс қийин ўтиши кутилганди. Чунки ушбу рақиб билан деярли бир тур олдин кубокда ўйнагандик. Қисқа вақт ичида бир рақибни икки марта мағлуб этиш осон эмас. Рақиблар бизнинг, биз эса рақибларнинг қандай ўйнашини яхши билардик. Бироқ улар кўп нарсаларни ўзгартиришди, адашмасам таркибдаги 8 футболчини алмаштиришди. Биринчи бўлимда гол уриб олдик. Иккинчи бўлимда ўйинни эртароқ якунлаб қўйишимиз мумкин эди. Ўзимиз вазиятларни ура олмаганимиздан кейин валидолли ўйин бўлди. Ҳимояда кўп ўйнадик. Футболчиларга раҳмат айтиш керак, бугунги байрам кунида улар мухлисларни хафа қилиб қўйишмади.
Бугун жума кунида Фрайдей гол урди. Унинг дебют голи ҳақида фикрингиз?
- Унинг очилиб кетишини кутган эдик. Унинг потенциалини яхши биламиз. У ҳали ўйинига қўша олади. Исталган футболчига мослашиб олиш учун вақт керак. Бу гол унга ишонч бағишлаб, ўйинига яхши жиҳатларни қўшишига умид қиламан.
Стадиондаги атмосфера ҳақида нима дейсиз?
- Ажойиб атмосфера. Одамлар футболга келаётганидан хурсандмиз. Мухлислар келиб, жамоаларни қўллаб-қувватлашидан барча мамнун бўлади. Самарқандлик мухлисларга раҳмат айтиб қоламан. Уларни хурсанд қилишда давом этамиз.
Бугун Миржаҳон Мираҳмадов қатор голли вазиятлардан фойдалана олмади. Қолаверса, Равшанбек Ягудин ҳам голга сабаб бўлиши мумкин эди. Уларнинг ҳаракатига баҳо берсангиз...
- Футбол шундай нарсаки, барчада ҳам ишлар доимо ўхшайвермайди. 9-рақамли футболчимиз вазияти ҳам шундай. У шу вазиятдан гол ура олмаганидан кейин руҳан синиб қолди, шу сабабли уни алмаштирдим. У ўйин давомида катта ҳажмдаги ишлар қилади, босим амалга оширади, унинг ўйинларидан мамнунмиз. 8-рақамли футболчимизга эса тўғри пайқабсиз, у сариқ карточка олганди, шу сабабли алмаштирдик. Дарвозабон позицияси шундай жойки, унинг биргина хатоси ажралиб қолиши мумкин. Бошқа футболчиларнинг хатолари унутилиши мумкин, дарвозабонларнинг иши эса шундай. У кўп нарсаларни бўйнига олади. Шунингдек, у ўтган турда майдонга тушмади. Бугун ҳам у жароҳати билан ўйнади.
Миржаҳон Мираҳмадовнинг ўрнига Ўрмонжоновни майдонга туширдингиз. "Динамо" иккинчи бўлимда натижани сақлаб қолишга ўйнадими ёки бизга шундай туюлдими?
- Йўқ, барчаси ўйиндан келиб чиқилди. Икки футболчини тушириш орқали ўйинни кучайтирмоқчи эдик. Биз ёшларни тушириш орқали ҳужумга тезлик беришни истаган эдик. Ёшлар доимо тезкор бўлишади, ёдда бўлса ўтган ўйинда ёш футболчи гол урганди. Улар майдонга тушган пайтда марказда парокандалик бошланаётганди. Кўп нарса шунга боғлиқ. Футбол шундай, 1:0 ҳисобида ютаётган экансан, ҳисобни ушлаш учун ўйнашга тўғри келади. Қарши ҳужумга ўтиб кетиб, ишни эртароқ якунлашимиз ҳам мумкин эди. Салбий ўйин кўрсатган бўлсак-да, натижа ижобий бўлди. Менга шуниси яхшироқ. Босим доимо бор, лекин асосийси натижа.