«Сурхон» Даврон Мергановнинг жароҳати ҳақида маълумот берди
Суперлига 12-туридан ўрин олган “Андижон” – “Сурхон” учрашувининг 5-дақиқасида жамоамиз дарвозабони Даврон Мерганов тўп учун кечган ҳаво яккакураши вақтида бош қисмидан жароҳат олиб, тиббий ёрдам кўрсатилгач майдонни тарк этишга мажбур бўлди.
Жамоа шифокори Бахтиёр Мирсагатов маълум қилишича, учрашувдан сўнг футболчи шифокорлар томонидан тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. Ўтказилган текширувлар натижасида Даврон Мергановда бош чайқалиши (миё чайқалиши) ҳолати аниқланган.
«Айни вақтда футболчининг умумий аҳволи барқарор ва қониқарли. У шифокорлар назорати остида бўлиб, зарур даволаниш ҳамда тикланиш жараёнини давом эттирмоқда. Ҳозирча унинг соғлиғи билан боғлиқ жиддий хавотир уйғотадиган ҳолат кузатилмаяпти.
Шу муносабат билан барча мухлисларимиздан турли тахмин ва тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликни, фақат клубнинг расмий саҳифаларида эълон қилинадиган ахборотларга таянишни сўраймиз.
Даврон Мергановга йўллаган самимий тилаклари, қўллаб-қувватлаши ва бефарқ бўлмаган барча мухлисларимизга чуқур миннатдорлик билдирамиз. Ишонамизки, у шифокорлар тавсияларига амал қилган ҳолда тикланиш жараёнини муваффақиятли якунлаб, тез орада жамоамиз сафига қайтади», - дейилади клуб хабарда.