Ислом Ахмедов: «Азиз Турғунбоев ва Мартин Боакеда жароҳат бор»
“Андижон” жамоаси 18 июль куни бўладиган расмий ўйин олдидан сўнгги ўз қароргоҳида “ФарДУ”га қарши ўртоқлик ўйинини ўтказди.
Шундан сўнг клуб матбуот хизмати бош мураббийи Ислом Ахмедовга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.
- “Андижон” “Сурхон”га қарши расмий учрашувидан олдин сўнги репетиция ўйинини ўтказди. Назорат учрашуви ҳақида нима дея оласиз?
- Ўйинга келадиган бўлсак, чемпионат олдидан биз учун яхши ўйин амалиёти бўлди. Сабаби, камчиликларимизни бироз кўрсатиб қўйди. Ҳужумларга ўтганимиздан кейин кўплаб қарши ҳужумларни ўтказиб юбордик. Бу ўйин яна ишлашимиз керак бўлган томонларимизни кўрсатиб берди.
- Энди барча эътибор “Сурхон”га қарши учрашувга қаратиляпти. Футболчилар бир кун дам олишгач, яна тайёргарликка киришадилар. Айтинг-чи, 18 июль куни бўлиб ўтадиган учрашув учун машғулотлар қандай режа асосида олиб борилади?
- Ўйда ўйнаймиз ва биз ҳужумкор футбол кўрсатамиз. Ўртоқлик ўйини каби кўпроқ ҳужумларда иштирок этамиз. Қарши ҳужумларни қўйиб юбормаслик устида кўпроқ ишлаймиз.
- Таркиб масаласига ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- Ҳар бир футболчиларимиз ўз ўрнига эга. Барчасини ёрдами тегади. Лекин футболни бир қисми жароҳатлар. Азиз Турғунбоев ва Мартин Боакеда жароҳат бор. Қолган ўйинчиларимиз ҳам савияли ва йўқларнинг ўрнини билинтиришмайди, деган умиддаман. Қолган футболчиларимизга ўзини асосий таркибда кўрсатиш учун имконият бўлади.
- “Сурхон”га қарши ўйин олдидан бош мураббий сифатида сизни кўпроқ нима ўйлантиряпти?
- Танаффусдан кейин доимо биринчи ўйинни бошлаб олиш қийин кечади. Стартни яхши бошлаб олсак, у ёғи ҳам яхши давом этаверади. Анчадан бери мухлисларимиз қаршисида ўйнамадик. Ўз уйимизда ишқибозларимиз кўз ўнгида ўйнаш албатта масъулиятли. Шу боис кўпроқ руҳий тарафлама ҳам тайёргарлик кўришимиз лозим.
- 10 августга қадар трансфер ойнаси очиқ. Селекция борасида ишлар қандай олиб бориляпти?
- Бир-иккита чизиқларимизни янада кучайтириш учун ўйинчилар билан музокараларга киришганмиз. Фақат уларни ҳозирги клублари билан шартномалари борлиги сабабли бу жараён бироз қийин кечяпти.
- Ўртоқлик учрашувида кўрикдаги футболчи ҳам қатнашди. У қандай таассурот қолдирди?
- Саидхонов ўзимизни маҳаллий футболчи. Ақлли ва бизни ўйин услубимизга мос тушади. Фақат жисмоний ҳолат устида ишлаши керак. Ҳаммаси ўзига боғлиқ. Кейинчалик жисмоний ҳолатини тиклаб олса, имконият беришимиз мумкин.
- Жамоани 18 июль куни бўладиган ўйинга қанчалик тайёр, деб айта оласиз?
- Айтганимдек, мавжуд камчиликлар устида ишлаб, руҳиятини тўғрилайдиган бўлсак, Худо хоҳласа 100 фоизга тайёрмиз!