locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Ислом Ахмедов: «Режамиз амалга ошмади»

«Андижон» ўз майдонида мағлуб бўлди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Ислом Ахмедов: «Режамиз амалга ошмади»
Фото: Андижон ПФК
Ўзбекистон Суперлигаси
18.07.2026, Як.
Андижон
1
Сурхон
2

«Андижон» ва «Сурхон» (1:2) учрашувидан кейин жамоамиз устози Ислом Ахмедов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ислом Ғуломович, аввал ушбу беллашув борасидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Ўйинга келадиган бўлсак, мағлубиятга учрадик. Руҳий томонлама ўйинчиларимизни яхши тайёрлай олмадик, деб ўйлайман. Шу кунгача жисмоний ва яна бошқа томонлама ҳам яхши эдик. Ёзги йиғиндан кейинги биринчи ўйин, мухлислар олдидаги босим, ғалабага бўлган жавобгарлик – юк ўйинчиларимизни босиб қўйди. Ҳаммаси ўз даражасидаги ўйинни кўрсата олишмади. Ҳар жабҳада ютқазиб қўйдик. Асосан руҳият билан боғлиқ бўлди.

- Иккинчи бўлимда майдон маркази деярли «Сурхон» жамоаси қўлига ўтди. Мураббийлар штаби шу ҳолатни енгишни амалга ошира олмадинглар...

- Кўп жабҳада ютқазиб қўйдик. Ўйинни кўриб чиқиб, таҳлил қиламиз. Кўпроқ биринчи таймда ўртани бериб қўйганга ўхшадик. Иккинчи таймда янги футболчиларни, янги кучларни туширгандик, натижада ҳужумлар қилишни бошладик. Барибир қаердадир ўртани тезроқ кесиб ўтамиз, дея хатоликка йўл қўйдик. Гол уриш учун шошилдик.

- Холдорхонов, Андроникашвили, Ашортия каби футболчиларни алмаштирилишига сабаб нима бўлди? Жисмоний ҳолатими?

- Йўқ, жисмоний ҳолат эмас. Қаердадир руҳий томонлама футболчиларни майдонга тушириб, ўйинни кучайтирмоқчи эдик. Режамиз амалга ошмади. Дарвозамиздан тўп ўтказдик, кейин ҳисобни тенглаштирдик. Афсуски, яна ўз хатомиз билан гол ўтказиб юбордик. Энди совуқ каллага ўйинни кўриб, ҳар бир эпизодни таҳлил қиламиз.

- Учрашувда марказий, қанот ҳимоячилари олдинги пайтлардагидек яхши ўйин ўтказа олишмади. Бу ҳолатга муносабатингиз қандай?

- Айтганимдек, руҳият билан боғлиқ. Анча танаффусдан кейинги уйимизда ўтган биринчи ўйин. Мухлисларимиз учун тезроқ гол уриб, уларни хурсанд қилиш мақсадида шошилишлар ва шундай ҳолатлар рўй берди. Натижада хатолар кетидан хато келиб чиқаверди. Шунинг учун ҳеч бир чизиқда ўйинимиз ўхшамади.

- Трансфер ойнаси очилди. Потаповни, Неъматхоновни кўрдик. Улар клубга қабул қилиндими? Яна янги ўйинчиларни жалб қилиш масаласи қачонгача давом этади?

- Баъзи-бир чизиқларимизни рақобат томонидан кучайтиришимиз керак. FIFA томонидан тақиқ қўйилганди. Лекин раҳбариятимиз буни ечишди. Фақат FIFAдан рухсат келишини кутяпмиз. Шунда футболчиларни рўйхатдан ўтказамиз. Ҳужум чизиғини кучайтириш учун ҳам ўйинчилар билан гаплашяпмиз. Бироқ биз хоҳлаган футболчиларнинг ўз жамоалари бор ва уларни олишимиз қийинроқ кечяпти.

- Ижтимоий тармоқларда Шерзод Эсанов билан Рустам Турдимуродовга «Андижон» жамоаси қизиқиш билдирганлиги ҳақида ёзишди. Ҳақиқатдан таклиф билан чиқилганми?

- Улар билан қизиқиб гаплашдик. Айтганимдек, уларнинг ўз клублари билан шартномалари борлиги учун жамоамизга жалб қилиш биоз қийин бўляпти.

- 22 июль куни «Андижон»ни Тошкентда «Локомотив»га қарши ўйин кутмоқда. Оралиқ кун қисқа ва бу муддат давомида жамоани тиклаш қандай олиб борилади?

- Тикланиш жараёнини ҳозир, ечиниш хонасиданоқ бошлаганмиз. Эртага тушликдан кейин йиғилиб, кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз.

Розикжон Султонмуродов
Розикжон Султонмуродов
Журналист
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг