«Челси» Рамон трансфери учун 50 миллион евро сарфлаши мумкин
Унинг амалдаги шартномаси 2030 йил июнь ойининг охирига қадар тузилган.
Футбол
Фото: Getty Images
«Комо» клубининг марказий ҳимоячиси Хакобо Рамон Англия Премьер-лигасининг топ-клубларидан бирига ўтиши мумкин. Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур ижтимоий тармоқларда хабар берди.
21 ёшли испаниялик футболчини АПЛнинг бир нечта вакиллари ўз сафига қўшиб олишни истамоқда. Улар орасида Лондоннинг «Челси» клуби алоҳида ажралиб турибди.
Рамон трансфери учун «Челси» жиддий маблағ сарфлашига тўғри келади. Чунки италияликлар томони 50 миллион евродан кам таклифни қабул қилиши даргумон.
Хакобо ўтган йилнинг ёзидан буён «Комо» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг амалдаги шартномаси 2030 йил июнь ойининг охирига қадар тузилган.