Баҳромжон Ҳайдаров: \"Бизнинг жамоада асосий ҳомий йўқ\"
Ўзбекистон Суперлигасининг 11-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Қўқон-1912” (3:0) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Баҳромжон Ҳайдаров қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
“Навбаҳор”ни бугунги чиройли ғалаба билан табриклайман. Мухлисларимиздан узр сўрайман. Рақибимиз дастлабки йигирма дақиқада тезкор футбол намойиш этди. Биз ҳам бунга тайёр эдик, аммо бунга эриша олмадик. Одилов ва Жияновларнинг кўп хавф туғдиришини билардик. Бугун уларни тўхтата олмадик. Иккинчи бўлимда эса вазиятларимиз бўлади, деб ўзгаришларни амалга оширдик. Кейин эса пеналти ва 3:0 ҳисоби. Шунга қарамасдан, футболчилар охиригача курашишди. Имкониятларимиздан фойдаланишимиз учун бираз маҳорат етмади. Вазиятларнинг 50 фоизидан фойдалансак, натижа бошқача бўларди.
Тезкор вингерларни бошқа жамоалар олиб қўйди. Биз Суперлигага энди қайтдик ва биздек жамоалар футболчиларни ўз сафига қўшиб олишда қийналишади. Насиб қилса, Суперлиганинг ишончли иштирокчисига айлансак, Одилов ва Жиянов каби маҳоратли футболчиларни сафимизга жалб эта оламиз. Биз янги жамоа туздик. Ҳали ўзгаришлар ҳам бўлади.
Кўпчиликка маълум бўлса керак, бизнинг жамоада асосий ҳомий йўқ. Вилоят ҳокими имкони борича ёрдам бериб келмоқда ва ҳомий излаш жараёнида. Раҳбарларимиз Суперлигага чиқиш ва имкони борича ёшларни ўйнатиш мақсадини қўйишганди. Таркибимиздаги ёшлар эса ҳар доим ҳам барқарор ўйин намойиш эта олишмаяпти. Бунга 2-3 йил вақт керак. Масалан, “Сурхон” ва “Сўғдиёна” сингари клублар ёшлардан иборат яхши таркиб тузишга эришган ва Суперлигада муносиб иштирок этиб келмоқда. Келажакда академия ва базани ишга тушириш мақсадимиз бор.
Жорий мавсумда майдон ҳамда машғулотлар майдонини таъмирлаш учун ҳам катта маблағ сарфланди. Раҳбарлар жамоага эътибор беришни исташмоқда. Ўзингиз биласиз, Қўқон шаҳри мамлакатимиз футболининг ватани ҳисобланади. Халқни хурсанд қиладиган жамоа яратишимиз керак. Ҳар доим ҳам режамиздагидай бўляпти, сўнгги учта турда ютқаздик. Қийин вазиятлардан бирдамлик билан чиқиб кета олган жамоа кучли ҳисобланади.
Учрашувни кейинчалик ҳам таҳлил қилиб, кўриб чиқамиз. Ҳозир эса дастлабки ҳиссиётим билан бўлишсам. Стандарт вазиятлар устида кўп ишлаймиз, аммо биринчи ва иккинчи гол оралиғи жуда кам бўлди. Кейин эса учинчи гол. “Навбаҳор” каби жамоага қарши кечадиган ўйинда 0:3 ҳисобидан кейин яна ўйинга қайта олиш жуда қийин",-дейди мутахассис