locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Андрей Шипилов: «Футболчилар хоҳишсиз ўйнашди, деб айта олмайман»

«Қўқон-1912» бош мураббийи «Сўғдиёна»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Футбол
Андрей Шипилов: «Футболчилар хоҳишсиз ўйнашди, деб айта олмайман»
photo: Qo'qon-1912

«Қўқон-1912» - «Сўғдиёна» (0:1) жамоалари ўртасидаги беллашувдан сўнг мезбонлар бош мураббийи Андрей Шипилов матбуот анжуманида мағлубият сабаблари ҳақида гапирди.

— Биринчи бўлимда ҳар икки жамоа ҳам тактик жиҳатдан яхши ўйин кўрсатди. «Сўғдиёна» томонидан ҳам, бизнинг жамоа томонидан ҳам ҳужумкор ҳаракатлар бўлди. Биринчи бўлимнинг якуний қисмида ташаббус рақиб томонида бўлди. Айрим вазиятларда бироз асабийлашганимизни ҳис қилдик.
Танаффусдан кейин майдонга қайтиб, вазиятни тўғрилашга ҳаракат қилдик. Бироз дадилроқ ва тетикроқ ўйнай бошладик. «Сўғдиёна» эса ҳимояда чуқурроқ жойлашди. Бизда ҳам яхши, ҳатто юз фоизлик голли вазиятлар бўлди. Аммо улардан фойдалана олмадик.

Бугунги ўйин, айниқса, иккинчи бўлимда шундай кечди. Хатолар эса... Биз гол ура олмадик ва бурчак тўпидан кейин дарҳол ўз дарвозамиздан тўп олиб чиқдик. «Сўғдиёна» ҳужумга ўтиб, меҳнат эвазига бурчак тўпини ишлаб олди. Битта хато жуда қимматга тушди.

Шунчаки эмас, шу кунлар давомида стандарт вазиятлар устида кўп ишладик. Ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратдик. Аммо биз гол ура олмадик, жиззахликлар эса ўз имкониятидан фойдаланди.
- Ўйинни четдан кузатдингиз. Футболчиларнинг ҳаракатларини қандай баҳолайсиз? Захирадан майдонга тушган футболчилар кутилган натижани бера олишдими?

— Биласизми, бугунги ўйинни хотиржам ва совуққонлик билан таҳлил қиладиган бўлсак, Элбек биринчи бўлимда ўйинга яхши қўшила олмади. Шунга қарамай, унда яхши имконият бўлди. Чап оёғи билан гол уриши керак эди.
Иккинчи бўлимда тажрибали Томага имконият беришга ҳаракат қилдик. Ўзингиз ҳам кўрдингиз, Томаада оддий эмас, яхши голли вазиятлар бўлди.

Одатда, жамоа ғалаба қозона олмаса, қизишган ҳолатда захирадан тушган футболчиларнинг ҳаракатларини ҳам омадсиз деб баҳолаш мумкин. Аммо биз Иқболни таянч ярим ҳимоячиси позициясига қўйдик ва Гадоевни майдонга тушириб, таркибни кучайтирдик. Шаҳзод алмаштиришни сўраганидан кейин эса Гадоевни қанотга ўтказдик.

Гол ура олмадикми, демак, қаердадир нимадир ўхшамади. Қандайдир механизм ишламади, бирор жиҳат етишмади. Бугун йигитларга ҳаракат қилишмади, деб айта олмайман. Улар хоҳишсиз ўйнади, деб ҳам айтолмайман. Ҳаммаси бор кучини берди. Дарвозабонимиз эса ўз дарвозасига йўлланган тўпларни қайтарди.

Биз гол ура олмадик. Ваҳоланки, жуда яхши ҳужумлар ташкил қилдик, яхши вазиятларга эга бўлдик. «Сўғдиёна»га эса қойил қолиш керак — улар бугун учрашувни жуда сифатли ўтказишди. Бугунги баҳс шундай кечди. Яна бир бор такрорлайман: битта хато, битта гол барчасини ҳал қилди», - дея Андрей Сергеевичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг