Сергей Лушан: «Келаси йили таркибни деярли 100 фоизга ўзгартиришимизга тўғри келишини яхши тушуниб турибмиз»
«Насаф» ва «Машъал» (0:1) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Сергей Лушан матбуот анжуманида қатнашди.
— Умуман олганда, содир бўлиши керак бўлган воқеа содир бўлди. Синф ва маҳорат ўз сўзини айтди. Биз ҳимояда етарлича яхши ҳаракат қилдик. Аммо ҳужумда яна ҳеч нарса ўхшамаётгани кўриниб турибди. Голли вазиятларни ярата олмаяпмиз. Шунга қарамай, олға ҳаракат қилишда давом этамиз.
- Голдан кейин иккита футболчини алмаштирдингиз. Бу ўзгаришлар жамоа ўйинига қанчалик таъсир кўрсатди?
— Амалиёт шуни кўрсатдики, алмаштиришлар кутилган натижани бермади. Лекин бизда бошқа йўл ҳам йўқ. Жамоамиз ёш футболчилардан ташкил топган, биз уларга ишонамиз.
Режамиз бор: ёш футболчиларга майдонда кўпроқ вақт беришга ҳаракат қиляпмиз. Чунки келаси йили таркибни деярли 100 фоизга ўзгартиришимизга тўғри келишини яхши тушуниб турибмиз.
Нима учун ушбу футболчилар учрашувни асосий таркибда бошлашмади? Чунки улар сўнгги ўн кун ичида U19 турнирида иштирок этишди. Учтадан ўйин ўтказишди, яъни тикланиш учун деярли вақт бўлмади. Шунинг учун бугун уларни захирадан майдонга туширдик.
Агар эътибор берган бўлсангиз, анчадан бери таркибимизда U19 жамоасидан беш-олти нафар футболчи бор. Ёшлар жамоаси таркибининг қарийб ярми биз билан бирга. Бундай ўйинлар орқали уларни синовдан ўтказяпмиз. Бу футболчиларнинг психологик барқарорлиги ва жисмоний ҳолатини баҳолаш учун ҳам фойдали. Аммо бугун захирадан майдонга тушган футболчиларимиз бироз оқсашди. Аввалида айтганимдек, маҳорат ўз сўзини айтди.
- 2026 йилда Суперлигада бир қатор ўзгаришлар бўлди. Хусусан, легионерлар масаласига ҳам эътибор қаратилди. Умуман, Ўзбекистон чемпионатида легионерлар сифати борасида қандай фикрдасиз?
— Ҳозир менинг томонимдан легионерлар сифати пасайди ёки ошди, деб умумий хулоса бериш тўғри бўлмайди. Ҳар бир клуб легионерларни ўз имконияти ва қарашларидан келиб чиқиб таклиф қилади.
Албатта, Ўзбекистон чемпионатида юқори савияли футболчилар тўп суришини жуда хоҳлардим. Агар легионер таклиф қиладиган бўлсак, у маҳаллий футболчилардан уч бош устун бўлиши керак. Акс ҳолда уни жамоага олиб келишдан нима наф? Мамлакатимизда футбол ўйнашни хоҳлайдиган маҳаллий футболчилар жуда кўп. Шундан келиб чиқишимиз керак. Агар легионер таклиф қилсак, у ҳақиқатан ҳам кучли бўлиши лозим. Икки бош эмас, уч бош устун бўлиши керак.
Албатта, бундай футболчилар учун маблағ сарфлашга тўғри келади. Бу масала нафақат клуб раҳбарияти, балки федерация раҳбарияти эътиборида ҳам бўлиши керак, деб ўйлайман.
Легионер таклиф қилаётган эканмиз, унинг савияси юқори бўлишига эришишимиз керак.
Нега чемпионатимизда Месси ёки Роналду даражасидаги футболчилар тўп сурмаслиги керак? Нега энди? Клубларга бундай футболчиларни жалб қилишда ёрдам бериш керак.
Бироқ клуб маҳаллий футболчиларига маош тўлашга қийналаётган бўлса, бундай шароитда легионерларнинг сифати ҳақида қандай гапириш мумкин?», - дея Сергей Ивановичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.