«Ҳа, етакчилар билан ютқазмаяпмиз, аммо уйдаги ўйинларни ютиш керак» – Вадим Абрамов
«Динамо» - «Пахтакор» (1:1) ўйинидан кейинги матбуот анжуманида жамоамиз устози Вадим Абрамов журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
- Вадим Карленович, жанговар ўйин ва дуранг – ўйин ҳақида фикрингиз?
- Энг аввало, барчани байрам билан табриклайман. Бундай кунда футболчилар барчага байрам яратиб бериши керак. Ўйин менимча мухлисларга ёқди, кимдир ютиши, кимдир эса ютқазиши ҳам мумкин эди. Дурангга мос баҳс кечди деб ўйлайман. Аламлиси уйда очко йўқотдик, аммо келаси баҳсларда ғалаба қозониб очколарни ўз ўрнига қўйишимиз керак.
- Аммо «Нефтчи» ва «Пахтакор» сингари етакчилардан очко олиниши – муносиб натижа, шундай эмасми?
- Бунга қайси тарафдан қарашга боғлиқ. Тўғри, етакчилар билан ютқазмадик, лекин иккинчи томондан уйдаги ўйинларни мухлислар қаршисида ютишимиз керак.
- Анваржон Ҳожимирзаев бугун ҳам майдонга тушмади, унинг ҳолати ҳақида гапирсангиз...
- Афсуски, Анварнинг жароҳати ҳамон ўз таъсирини кўрсатяпти. Шу сабаб таваккал қилмадик. У даволанишда давом этсин, кейинги ўйинда ҳолатини кўрамиз. Бугун шубҳасиз унинг ўрни билинди. Захирамиз ҳозирча шундай.
- «Пахтакор»дек миллион долларгача маош оладиган ўйинчиси бор жамоага қарши ўйнаш осон эмас. Жамоангизнинг етакчиси йўқ пайтда бошқаларни қандай руҳлантиряпмиз?
- Кучли жамоаларга қарши нима деб руҳлантириш мумкин? Бундай пайтда футболчиларнинг ўзи руҳланган бўлади. Ўзингиз айтдингиз қанча маош олишини, бизникилар ҳам улардан кам эмаслигини исботлашга ҳаракат қилади. Лекин ҳасад ёмон, буни умуман ўйламасдан майдонга чиқиб ўйнаш керак.
- Абдуғафур Ҳайдаров ўйинга қўшилиб, бурилиш ясай олмади, унинг ўйини ҳақида фикрингиз?
- Ҳайдаров шундай ўйинчики, ўйинни ўз қўлига олишга ва доим зарба беришга интилади. У менга Кержаковни эслатади – доим ураман дейдиган. У яқинда келди ва мослашиб бормоқда. Ҳайдаровнинг тактикамизга тўлиқ мослашишини кутяпмиз.
- Эдем Немановга қараб кўп асабийлашгандек бўлдингиз, бу нима билан боғлиқ?
- Мен шунчаки унинг тўпни тезроқ ўйинга киритишини хоҳладим. У тўпни ўйинга киритишда кўп ҳолларда секин ҳаракат қилди. Аммо майдон ташқарисида гапириш осон, майдонда эса футболчилар қарор қабул қилади, - деди Вадим Карленович.