Олимпиада чемпиони Косэй Иноуэ иштирокида маҳорат сабоқлари бошланди
Олимпиада чемпиони Косэй Иноуэ иштирокида маҳорат сабоқлари бошланди
Бугундан Сидней-2000 Олимпиадаси чемпиони, уч карра жаҳон (1999, 2001, 2003) чемпиони, икки бор Осиё ўйинлари ғолиби (1998, 2002) Косэй Иноуэнинг ёш дзюдочилар учун мастер-класс, яъни маҳорат сабоқлари бошланди.
Уч кун давомида япон дзюдосининг таниқли вакили ўзининг йиллар давомида орттирган бой тажрибасини ёшларга улашади. Ушбу халқаро ўқув-машғулот йиғинида ўнга яқин давлатдан келган ўсмир дзюдочилар иштирок этяпти. Дзюдо ватани вакили билан ўтказилаётган машғулотлар ёшларнинг фаолияти учун ҳар томонлама фойдали бўлмоқда.
Маълумот учун, Косэй профессионал спортчилик фаолиятини якунлаганидан кейин ўзини мураббийликда синаб кўрган. Бир неча йил Япония эркаклар терма жамоасини муваффақиятли бошқарган. Ҳозирда у Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Спорт директори лавозимида ишлаяпти.
Иштирокчилар учун бу уч кун оддий машғулот эмас. Бу Олимпия чемпиони тажрибасини ўрганиш, техникани такомиллаштириш ва кейинги беллашувларда қўллаш учун билим олиш имкони. Чунки ўз ишини устасининг ҳар бир тўғри маслаҳати дзюдони бошқача кўришга олиб келади.