Саудия лигаси «Ал-Аҳли» мухлисларини ҳайратда қолдирди: «Классико» олдидан кутилмаган қарор
Саудия Арабистони Про-лигаси «Ал-Аҳли» мухлисларини «Ан-Наср»га қарши бўлиб ўтадиган марказий учрашув арафасида кутилмаган қарори билан ранжитди.
Жамоалар ўртасидаги баҳс жума куни Жидда шаҳридаги «Алинма» стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Саудия Арабистони чемпионатининг 9-туридан қолдирилган.
Саудия Арабистонининг «Ар-Риёдия» нашри хабарига кўра, лига раҳбарияти «Ал-Аҳли» мухлислари «Классико» вақтида стадион трибуналарида намойиш этмоқчи бўлган баннерни маъқулламаган.
Нашр лига раҳбариятининг бундай қарорга келиш сабабларини очиқламаган. Шу билан бирга, «Ал-Аҳли» мухлислари уюшмаси клубни қўллаб-қувватлаш мақсадида тайёрланган махсус тифо учун ҳамон рухсат кутаётгани маълум қилинган. Уни пайшанба куни стадион трибуналарига ўрнатиш режалаштирилган.
«Ар-Риёдия» маълумотларига кўра, Саудия Арабистонини қўллаб-қувватлашга бағишланган тифони намойиш этиш учун рухсат чоршанба оқшомидаёқ берилиши кутилмоқда.
«Ал-Аҳли» ва «Ан-Наср» ўртасидаги зиддият тарихи
Икки клуб мухлислари ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда анча кескинлашган. Бунга, айниқса, «Ал-Аҳли»нинг 2021/22 йилги мавсум якунида Саудия Арабистони Про-лигасини тарк этиб, Биринчи дивизионга тушиб кетгани сабаб бўлган.
Ўша мавсумнинг сўнгги — 30-турида «Ал-Аҳли» «Аш-Шабоб» билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган. Ушбу натижа жамоанинг ўз тарихида илк бор Биринчи дивизионга тушиб кетишини тасдиқлаган. Ўшанда «Аш-Шабоб» мухлислари қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиб, рақибнинг муваффақиятсизлигини нишонлашган.
Кейинчалик кўзойнак «Ал-Аҳли» мухлисларини мазах қилиш рамзига айланган. Рақиб жамоалар ишқибозлари бу ҳолатдан мунтазам фойдаланиб келишмоқда.
Айниқса, «Ан-Наср» мухлислари ушбу кинояни кўп бора такрорлашган. Ҳатто «Ал-Аҳли» 2023 йилда яна Про-лигага қайтганидан кейин ҳам улар кўзойнак орқали рақиб мухлисларини мазах қилишда давом этишган.
Саудия Арабистонининг «Ал-Виам» нашри ушбу киноянинг келиб чиқиш сабабини ҳам изоҳлаган. Унга кўра, Биринчи дивизион учрашувлари одатда кундузги вақтда ўтказилади. Про-лига баҳслари эса бошқа вақтларда бўлиб ўтади. Шу боис қуёшдан ҳимояловчи кўзойнаклар «Ал-Аҳли»нинг қуйи дивизионга тушиб кетишига ишора сифатида ишлатилади.
Мазкур ҳолат жамоалар ўртасидаги сўнгги «Классико»да ҳам кузатилган. 29 апрель куни «Ан-Наср» ўз майдонида «Ал-Аҳли»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган эди. Ўша учрашув олдидан матбуот хабарларига кўра, «Ан-Наср»нинг айрим мухлислари «Йело Лигаси» ёзуви туширилган кўзойнаклар билан «Ал-Аввал Парк» стадионига киритилмаган.
«Классико» чемпионлик пойгаси учун муҳим
Жума кунги учрашув «Ал-Аҳли» учун алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу баҳс жамоанинг жорий мавсумда чемпионлик учун курашга қайтиш имкониятларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳозирда «Ал-Аҳли» Саудия Арабистони чемпионати турнир жадвалида 21 очко билан олтинчи ўринда бормоқда. Жамоа еттита ғалаба қозонган ва тўрт марта мағлубиятга учраган. Пешқадам «Ал-Ҳилол» билан орадаги фарқ 9 очкони ташкил этмоқда.
«Ан-Наср» эса 28 очко билан учинчи поғонада жойлашган. Жамоа «Ал-Ҳилол»дан икки очко ортда қолмоқда ва иккинчи ўриндаги «Ал-Қодисия»дан фақат тўплар нисбати бўйича пастда бормоқда.
Шу сабабли Жиддадаги «Классико» нафақат икки жамоа мухлислари ўртасидаги рақобат, балки чемпионлик пойгаси нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга бўлади.