Рўзиқул Бердиев: «Ҳар қандай ҳолатда жамоага ёрдам беришга тайёрман, бу менинг уйим»
"Машъал" ҳамда "Насаф" ўртасидаги Суперлиганинг 13-тур баҳсидан (1:1) сўнг Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.
Рўзиқул Бердиев: “Рақиб чуқур ва зич ҳимояланди. Ҳисобда олдинда бўлганимизда, улар очилишга мажбур бўларди. Натижа рақибни қониқтиргани учун бор эътиборини ҳимояга қаратди, қарши ҳужумларни кутди”.
- “Насаф” ўтган йили “Машъал”га мағлуб бўлганди. Нега айнан Муборак жамоаси билан шундай бўляпти?
- “Машъал” ҳар йили биз билан катта иштиёқ билан ўйнаяпти. Ўтган йили мағлуб бўлгандик, бу сафар дуранг… Кейинги баҳсда ютамиз.
-Биринчи даврадаги “Машъал” билан ҳозирги “Машъал”ни фарқи борми?
- Жамоа янги мураббий билан ҳимояда тартиблироқ ўйнашга ҳаракат қилаяпти. Улар 5-4-1 схемасидан фойдаланишяпти. Жамоа керак бўлса 7 киши бўлиб ҳимояланяпти ва буни тўғри қарор деб ҳисоблайман. Чунки уларга очко сув ва ҳаводек зарур. Бугун биз биринчи гол урганимизда, олдинроқ айтганимдек “Машъал” очилишга мажбур бўларди, аммо ўйин уларнинг режаси бўйича кетди.
- Бугун “Насаф”га Юсуф Отубанжо етишмади деб ўйлайсизми?
- Албатта, унинг ёрдами теккан бўларди. Яхши вазиятларга эга бўлдик, улардан фойдалана олганимизда ҳаммаси бошқача бўларди.
- Жамоанинг бу мавсумдаги мақсадлари қандай?
- Олдимизда чемпионлик вазифаси йўқ, лекин мавқеимизга яраша ўйнашимиз, натижа кўрсатишимиз керак.
- Алибек Давронов бугун одатдагидан олдинроқда ўйнади…
- Зич ҳимояни ҳаводан узатилган паслар орқали енгиб ўтмоқчи бўлдик. Давронов бош билан яхши ўйнайди. Шу йўл билан муаммони ечишга уринидик, операциядан сўнг ҳолати кутилганидек бўлмагани сабаб у ўзини кўрсата олмади. Бу таваккал эди.
- Салбий натижалардан сўнг танқидлар, мухлисларнинг норозиликлари бўлиши табиий. Ижтимоий тармоқларни кузатмайман дегансиз, аммо ҳозирги даврда буларни пайқамасликнинг иложи йўқ. Шундай вазиятлардан қандай чиқиб кетасиз?
- Мураббий бундай нарсаларга руҳан тайёр бўлиши керак. Бу нарсалар исталган мураббий билан рўй бериши мумкин. 2024 йил якунланганда раҳбариятдан танаффус олишни сўрагандим. Ҳеч қаерга кетмайман, клубда бошқа лавозимда ишлашга розиман деганим. Аммо менга 10 кун дам беришганди. Ҳозирги вазиятда ҳам ҳеч нарсадан нолимайман. Мен шу ерликман, бу менинг уйим. Ҳар қандай ҳолатда жамоага ёрдам беришга тайёрман.
- Ўтган сафар футболчи олишимиз керак дегандингиз, аммо қайси чизиқлигини айтмагансиз. Изоҳларда “Жамоанинг имконияти бормикин?” деган саволлар кўп бўлган.
- Имкониятимиз ҳақида бирор нарса дея олмайман. Ҳаммаси шу руҳда давом этса, балки имкониятимиз нолга тенг бўлиб қолар. Вазият яхшилинишига умид қиламан. Бизга қанотларда ва ҳужумда яхши футболчилар керак.
- Акром Афиф “Насаф”га келиши борасида миш-мишлар тарқалди. Бу ҳақиқатми?
- Афиф келмаслиги аниқ. Уни маошини баъзи Европа жамоалари кўтара олмайди. Маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.