Русланбек Жиянов: «Стадионни тўлдириб ўтирган мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари бизга мотивация беради»
Хабарингиз бор, эртага наманганликлар Суперлига 15-туридан ўрин олган баҳсни ўз майдонида “Хоразм” (Урганч)га қарши ўтказади. Маълум муддатли танаффусдан сўнг, “лочинлар” Намангандаги қадрдон стадионга қайтишмоқда ва жорий мавсумнинг илк беллашувини севимли стадионда ўтказишади. Бўлажак учрашувдан олдин “лочинлар”нинг 25 ёшли маҳоратили ярим ҳимоячиси Русланбек Жиянов билан клуб расмий сайти учун фикр билдирди.
Бўлажак ўйин борасидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз...
Аввало барчага ассалому алайкум! Жамоамизнинг барча мухлисларини севимли ҳамда қадрдон стадионимизга қайтаётганлигимиз билан табриклайман. Биз – футболчилар ҳам бундан хурсандмиз. Ишқибозлар бўлажак ўйинда стадионни тўлдириб, жамоамизни муносиб тарзда қўллаб-қувватлашади, деган умиддаман ва бунга ишонаман.
Бўлажак рақиб – “Хоразм” борасида нима дея оласиз?
Яхши жамоа. Биз урганчиликларнинг ўйинларини ўрганиб чиқдик ва ғалаба қозониш учун барча имкониятни ишга солиб, иншооллоҳ, зафар қучамиз, деб ўйлайман.
Албатта, стадионни тўлдириб ўтирган мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари бизга мотивация беради ва бу ўтган турдаги Фарғонада “Нефтчи”га қарши бўлиб ўтган “водий дербиси”да ҳам ўз исботини топди. Буни ҳар бир футболчи ҳис қилиб турибди. Кучингиз қолмаганида, ишқибозларнинг қўллаб-қувватлашлари ички энергияни уйғотиб юборади, менимча. Худо хоҳласа, бўлажак ўйинда ютуққа эришиб, ғалабали серияни бошлаймиз, деган умиддаман.
Мухлисларга тилакларингиз...
Жамоамиз учун доимо дуода бўлишсин. Катта мақсад йўлида бирлашганмиз ва буни амалга ошириш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз.
Қатор-асоса тўртта беллашувни ўз майдонимизда ўтказамиз ва ишқибозлар далда бериб туришса, ўша ўйинларда ижобий натижаларни қайд этамиз, деган умиддаман.
Бахтимизга “Навбахор” мухлислари доимо соғ-саломат бўлишсин.