«Расинг» 14 йиллик танаффусдан сўнг Ла Лигага қайтди
Испаниянинг «Расинг» клуби қуйи дивизионлардаги 14 йиллик саргузаштларига чек қўйиб, мамлакат олий дивизиони — Ла Лигага йўлланмани қўлга киритди. Сантандерликлар Испания Сегундасининг 40-тури доирасида ўз майдонларида «Вальядолид» устидан йирик (4:1) ҳисобда ғалаба қозониб, ушбу муваффақиятни расмийлаштиришди.
«Кампос де Спорт де Эль-Сардинеро» стадионида кечган учрашувда мезбонлар сафида ҳужумчи Асер Вильялибре (33-дақиқа) ва ярим ҳимоячи Сулейман Камара (90+5-дақиқа) биттадан гол урган бўлса, яна бир ярим ҳимоячи Андрес Мартин (62 ва 73-дақиқалар) дубль қайд этди. Меҳмонларнинг ягона жавоб голига 42-дақиқада ҳимоячи Муҳаммад Жауаб муаллифлик қилди.
Ушбу ғалабадан сўнг «Расинг» очколари сонини 78 тага етказиб, турнир жадвалида пешқадамликни давом эттирмоқда. Жамоа энг яқин таъқибчилари «Депортиво» ва «Альмерия»ни 7 очкога ортда қолдирмоқда (Гарчи «Депортиво»да битта захира ўйини мавжуд бўлса-да).
Мавсум тугашига атиги икки тур қолганини ҳисобга олсак, «Расинг» энди турнир жадвалида кучли иккиликдан пастга тушиб кетмайди ва келаси мавсумни элита жамоалари сафида бошлайди.