«Пахтакор» тайёр ғалабани қўлдан бой берди, Дориев эса тўхтамаяпти...
Суперлига 16-турининг дастлабки кунидаги баҳсларни Жиззахда “Сўғдиёна” – “Андижон” жамоалари учрашуви бошлаб берди ва ўйин тақдирини Люпчо Дориев томонидан киритилган ягона гол ҳал этди. Македониялик голеадорни тўхтатишни ҳеч бир жамоа эплай олмаяпти. Ўтган мавсум тўпурари бу йилги чемпионатда ҳам ҳар бир турни голсиз тарк этмаяпти ва таъқибчиларидан анча узоқлашиб олди. Бир сўз билан айтганда, битта ўзи жамоасини ортида эргаштириб, хавфли минтақадан олиб чиқиб кетмоқда.
Бу йилги мавсумда амалдаги чемпионга асосий рақобатчи сифатида қаралаётган “Пахтакор” эса кетма-кет иккинчи ўйинда муҳим очколардан маҳрум бўлмоқда. Ўтган турда Андижонда дуранг билан кифояланган “шерлар” бу турда ўз майдонида “Бухоро” билан ўйинда тайёр ғалабани қўлдан чиқарди. Иккита тўп фарқи билан олдинда бораётган жамоанинг рақибга ҳисобни тенглаштириш имконини тақдим этишини изоҳлаш мушкул. Пахтакорчиларга ўтган турдаги каби “Нефтчи”нинг ўзи ёрдам қўлини чўзмаса, тошкентликларнинг чемпионлик умиди орзулигича қоладиганга ўхшайди...
Суперлига. 16-тур
ПАХТАКОР 2:2 БУХОРО
Дилшод Саитов, 17 (1:0), Стефен Чинеду, 28 (2:0), Владимир Родич, 75 (2:1), Санжар Қувватов, автогол 83 (2:2)
СЎҒДИЁНА 1:0 АНДИЖОН
Люпчо Дориев, 77 (1:0)