Мигел Санчес «Жирона»ни тарк этди
Мичел Санчес Испаниянинг Жирона клуби бош мураббийлигидан кетди. Бу қарор каталония жамоаси Ла Лигадан тушиб кетганидан сўнг қабул қилинди.
«Мичел Санчес «Жирона»даги фаолиятини давом эттирмайди. Клуб Мадридда туғилган мураббийга жамоани бошқаришда кўрсатган садоқати, фидойилиги ва профессионализми учун самимий миннатдорлик билдиради. Шунингдек, у клуб аъзолари, мухлислар, раҳбарият ва барча ходимларга нисбатан доимо самимий, очиқ ва ҳурматли муносабатда бўлгани алоҳида таъкидланади.
Унинг бошчилигида «Жирона» ўз тарихидаги энг ёрқин даврлардан бирини бошдан кечирди. Жамоа нафақат ўзига хос ва жасур ўйин услуби орқали Ла Лигада мустаҳкам ўрин эгаллади, балки мисли кўрилмаган натижаларга эришди. Бу муваффақиятлар 2023/2024 мавсумидаги тарихий учинчи ўрин билан якунланди ва жамоа илк бор УЕФА Чемпионлар Лигасига йўлланма олди.
Клуб, шунингдек, мураббийлар штаби аъзолари — Сальва Фунес, Давид Порсель ва Хуан Карлос Балагернинг меҳнатини ҳам юқори баҳолади. Улар ҳам жамоадаги фаолиятини якунламоқда.
«Жирона» Мичел ва унинг жамоасига келгуси фаолиятида ҳам, шахсий ҳаётида ҳам улкан омад ва муваффақиятлар тилайди», — дейилади клубнинг расмий баёнотида.
Мавсум якунларига кўра, «Жирона» Ла Лига жадвалида 41 очко билан 19-ўринни эгаллади ва элита дивизионни тарк этди.