“Манчестер Юнайтед” Майкл Кэррикни истеъфога чиқаришга яқин
Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби бош мураббий Майкл Кэррикни лавозимидан озод этиши мумкин. Жамоанинг кетма-кет саккизта учрашувда ғалаба қозона олмагани клуб раҳбариятини мураббийлар штабида ўзгариш қилиш масаласини кўриб чиқишга ундамоқда. Бу ҳақда Sky Sports нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти “Борнмут”га қарши учрашувдан аввал ҳам янги бош мураббий номзодларини ўрганишни бошлаган. Жамоанинг Англия Премьер-лигаси доирасида ўз майдонида 0:3 ҳисобида мағлуб бўлиши эса ушбу жараённи янада тезлаштирган.
“Қизил иблислар” сўнгги саккизта учрашувнинг бештасида мағлуб бўлиб, уч бор дуранг қайд этди. Айниқса, “Борнмут” билан баҳсда сардор Бруну Фернандешнинг захирада қолдирилгани ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Клуб атрофидаги манбалар Кэррикнинг истеъфога чиқарилиши мумкинлигини таъкидламоқда, бироқ ҳозирча расмий қарор қабул қилинмаган.
Маълумот учун, Майкл Кэррик 2026-йил январь ойида Рубен Аморим ўрнига “Манчестер Юнайтед” бош мураббийи этиб тайинланган. Унинг келажаги бўйича якуний қарор клуб раҳбарияти томонидан эълон қилиниши кутилмоқда.