«Манчестер Сити» Родри ўрнига Айюб Буаддини олиб келмоқчи
«Манчестер Сити» «Реал» клубига ўтиш арафасида турган испаниялик таянч ярим ҳимоячиси Родри ўрнига муносиб номзодни топди. Бу ҳақда журналист Николо Скира хабар берди.
Манбага кўра, Франциянинг «Лилль» клубида тўп сураётган марокашлик ярим ҳимоячи Айюб Буадди «шаҳарликлар» сафига ўтишга жуда яқин турибди. Томонлар 2031 йилнинг ёзига қадар амал қиладиган шахсий шартнома шартлари бўйича тўлиқ келишувга эришган.
Аввалроқ ОАВда «Лилль» 18 ёшли иқтидор эгасини сотишдан 100 миллион евро ишлаб олмоқчи экани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шунингдек, Родри ҳам «Реал»га ўтишга розилик билдирган.
Буадди ўтган мавсум клуби сафида барча мусобақаларда 42 та учрашувда иштирок этиб, 1 та голли узатма муаллифи бўлди. Унинг «Лилль» билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг ёзигача мўлжалланган.
Transfermarkt маълумотига кўра, марокашлик ярим ҳимоячининг бозор қиймати 80 миллион еврони ташкил этади.