«Лион» келаси мавсумда европокубоклардан четлатилиши мумкин
Франциянинг «Лион» клуби келгуси мавсумда УЕФА томонидан жиддий санкцияларга дуч келиши мумкин. The Telegraph нашри берган маълумотга кўра, ташкилот клубни ўтган ёзда имзоланган молиявий «фейр-плей» бўйича келишув шартларини бажармаган деб ҳисобламоқда.
Молиявий мажбуриятларнинг бузилиши жамоанинг спорт натижаларидан қатъи назар, халқаро турнирлардаги иштирокини хавф остига қўяди. Агарда дисквалификация кучга кирса, европокубоклардаги бўш қолган ўрин Франциянинг бошқа бир клубига насиб этади.
Ҳозирда ушбу йўлланмага асосий номзодлар сифатида «Марсел» ва «Ренн» жамоалари кўрилмоқда. Мазкур клублар қитъа майдонларида Франциянинг шарафини «Лион» ўрнига ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлишлари мумкин.
Маълумот учун, Лига 1’нинг 33 туридан сўнг «Лион» 60 очко билан турнир жадвалида тўртинчи поғонани эгаллаб турибди.