locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Баҳром Ҳайдаров: Агар эртароқ гол урганимизда, балки осон бўлармиди

Қўқон-1912 бош мураббийи Навбаҳор билан ўйиндан кейин фикр билдирди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Баҳром Ҳайдаров: Агар эртароқ гол урганимизда, балки осон бўлармиди
photo: Navbahor FK
Ўзбекистон Суперлигаси
25.10.2025, Як.
Қўқон-1912
2
Навбаҳор
0

Ўзбекистон Суперлигасининг 26-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Навбаҳор” (2:0) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжумани иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Одатидай, қўқонликлар устози ўз сўзини беллашув ҳақидаги фикрлари билан бошлади.

- Ўйин ҳақида фикр билдиришдан олдин, бугун ўз касб байрамларини нишонлаётган Республикамиздаги барча ички ишлар ходимларини жамоамиз номидан табриклайман. Футбол учрашувлари тинч ўтаётгани учун уларга алоҳида раҳмат айтиб қоламиз. Энди ўйинга келадиган бўлсак, жуда оғир учрашувни ўтказдик. Баҳсни яхши бошладик, ҳаммаси назоратимиз остига ўтди. Рақиб кўпроқ қарши ҳужумларга таянади. Дарвозабонимизга ҳам раҳмат, икки-уч марта муқаррар голдан қутқарди. Рақиб бир киши кам бўлиб қолгач, бизнинг футболчилар ҳам бехавотир ўйнай бошлашди. Хотиржамликка берилдик. Таблога қарамасдан, ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Кўп вазиятларга эга бўлдик. Агар эртароқ гол урганимизда, балки осон бўлармиди? Шунга қарамай ғалаба қозонганимиздан хурсандман ва барча ишқибозларимизни табриклайман.

- “Навбаҳор”нинг битта кам қолиши жамоангиз ғалабасига туртки бўлдими?

- Албатта, бу ҳам устунлик берди. Лекин вазият ҳар доим ҳар хил бўлади. Битта кам қолиб ютганларни ҳам кўрганмиз. Шу боис ўзимизни эркин қўйиб юборишимиз керак эмасди. “Навбаҳор”да индивидуал кучли футболчилар бор, уларнинг борлиги жамоа бир киши кам ўйнаётганини умуман билдирмади.

- Ишқибозларда Баҳром Ҳайдаров яхши ўйнаб турган футболчиларни алмаштиряпти, деган тасаввур пайдо бўлган. Масалан, Аслиддин Тоштемиров, Шоҳрух Ғадоев каби футболчилар яхши ҳаракат қилишяпти...

- Футболчилар яхши ўйнаб турган бўлиши мумкин, чунки мухлис асосан футболчи тўпга эгалик қилганда уни кўришни бошлайди. Футболчи тўпсиз ҳолатда нима қиляпти, бунга кўпчилик қарамайди. Биз мураббийлар эса ҳаммасини назорат қилиб боришга ҳаракат қиламиз. Ўрта чизиқни кучайтиришни мақсад қилдик, шу боис футболчиларни алмаштирдик. Мени хурсанд қилаётган томони жамоамизда рақобат борлиги ва ҳамма футболчилар бирдек ўйнашга ҳаракат қилмоқда.

- Бугун “Нефтчи” ютди, эртага “Насаф” ўйнайди. Сизча, ким чемпион бўлади?

- Ҳар ўйиндан кейин шу савол бериляпти. Кўпчилик “Нефтчи”нинг тақвимини кўриб осон деб ўйлаяпти. Менимча, унақа эмас. “Насаф”да ҳам тақвим осон эмас. Яққол фаворит йўқ деб ўйлайман, жамоаларнинг имконияти 50 га 50. Кураш охирги тургача давом этса керак.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг