14-сентябрь куни Нефтчи ОФК Элит Чемпионлар лигасидаги юришини бошлайди
14-сентябрь куни Нефтчи ОФК Элит Чемпионлар лигасидаги юришини бошлайди. Фарғоналиклар дастлабки турда ўз майдонида Ироқнинг Ал Қува Ал Жовия клубини қабул қилади.
Келинг, Нефтчининг дастлабки рақиби ҳақида бироз тўхталамиз.
Ал Қува Ал Жовия Ироқнинг энг қадимий ва совриндор клубларидан бири ҳисобланади. Бағдод жамоаси 1931-йилда ташкил топган бўлиб, клуб номи арабчадан Ҳаво кучлари маъносини англатади. Жамоа мухлислар орасида Ал Суқур, яъни Лочинлар лақаби билан ҳам машҳур.
Ал Қува Ал Жовия Ироқ футболининг тарихий грандларидан бири саналади. Клуб мамлакат чемпионатида 8 марта ғолиб чиққан, шунингдек, 6 марта Ироқ кубогини қўлга киритган.
Бағдодликлар халқаро майдонда ҳам катта муваффақиятларга эришган. Ал-Қува Ал-Жовия 2016, 2017 ва 2018-йилларда кетма-кет уч марта ОФК кубогида ғолиб чиққан. Жамоа 2016-йилги финалда Ҳиндистоннинг Бенгалуру клубини 1:0, бир йил ўтиб Тожикистоннинг Истиқлолини 1:0, 2018-йилда эса Туркманистоннинг Олтин Аср жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этган. Шу тариқа Ироқ клуби ОФК кубогини кетма-кет уч марта қўлга киритган илк жамоага айланган.
Ал Қува Ал Жовия таркибида Ироқ футболида катта тажрибага эга маҳаллий футболчилар билан бир қаторда бир қатор легионерлар ҳам фаолият олиб бормоқда. Тунислик ҳужумчи Ҳайтҳем Жоуини, нигериялик Антони Окпоту, Конго ДР вакили Туисила Кисинда ҳамда аргентиналил Томас Андраде шулар жумласидан.
Жамоанинг маҳаллий футболчилари орасида Ироқ миллий терма жамоасида ўйнаш тажрибасига эга футболчилар ҳам бор. Хусусан, ярим ҳимоячи Саад Абдуламир узоқ йиллар давомида Ироқ терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган ва халқаро майдонда катта тажрибага эга.
Ал Қува Ал Жовия Ўзбекистон клублари учун ҳам бегона рақиб эмас. Бағдодликлар аввалги йилларда ОФК мусобақалари доирасида мамлакатимиз вакилларига қарши 7 марта майдонга тушган. Эндиликда Ироқнинг номдор клуби илк бор Нефтчи билан халқаро майдонда рўбарў келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ОФК Элит Чемпионлар лигаси 1-туридан ўрин олган Нефтчи — Ал Қува Ал Жовия учрашуви 14-сентябрь куни соат 18:45 да старт олади.