Аббосбек Отахонов: «Гол уришда омадимиз келмаяпти»
Суперлига 24-турида «Хоразм» - «Навбаҳор» (1:1) учрашуви дуранг билан якунланди. Ўйиндан сўнг мезбонлар ҳимоячиси Аббосбек Отахонов Sports24.uz cайти учун ўз фикрларини билдирди.
Ўйин ҳақида
«Яхши ўйин бўлди. Бизга ҳам ва рақибга ҳам ғалаба керак эди. Менимча, дуранг адолати бўлди. Чунки «Хоразм»да ҳам, «Навбаҳор»да ҳам гол уриш учун кўплаб вазиятлар бўлди. Бундан икки жамоа фойдалана олгани йўқ.
Натижалар ҳақида
«Хоразм» анчадан бери ғалаба қозона олмаяпти. Аммо ўйин томонлама ҳеч бир жамоадан асло қолишганимиз йўқ. Фақатгина бизда яратилган вазиятларни голга айлантиришда омадимиз келмаяпти. Шу сабаб кўп очко йўқотмоқдамиз. Табиийки, натижалардан ўзимиз ҳам мамнун эмасмиз.
Асосий мақсад ҳақида
Суперлигада қолишни режалаштирганмиз. Бу бизнинг асосий вазифа ва мақсадимиз ҳисобланади. Қолган баҳсларда ижобий натижаларни қайд этиб, Суперлигада жон сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз.
Жамоага мослашув ҳақида
Жамоада муҳит борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Шу сабабли мен ҳам мослашиб кетишда қийинчиликка дуч келганим йўқ. Кўп ўйинчилар билан илгари бошқа жамоаларда ўйнаганман, уларни яхши танийман. Бу ҳам менинг мослашиб кетишимга ёрдам берди», - дейди Отахонов.