Синдаров ва Гукеш шахмат тожи учун матчнинг учинчи партиясида дуранг ўйнади
Жавоҳир Синдоров ва Гукеш Доммаражу ўртасидаги жаҳон чемпионлиги учрашувининг учинчи партияси ҳам дуранг билан якунланди. Шу тариқа, уч партиядан кейин ҳисоб 1,5:1,5 кўринишига келди.
Учинчи партияда оқ доналарда ўйнаган Синдоров дастлабки юришлардан бошлаб ташаббусни қўлга олишга ҳаракат қилди. Ўзбекистонлик гроссмейстер партияни 1.e4 юриши билан бошлади. Гукеш эса Берлин ҳимоясини танлади.
Учинчи партия аввалги икки баҳсга нисбатан анча узоқ ва мураккаб кечди. Синдоров оқ доналарда ўйнаб, партияни 1.e4 юриши билан бошлади. Гукеш эса яна Руй Лопес дебютининг Берлин ҳимоясини танлади. Бироқ ҳиндистонлик гроссмейстер бешинчи юришда аввалги партиядан фарқли давомни қўллади.
Партиянинг дастлабки қисмида икки гроссмейстер ҳам пухта тайёргарлик намойиш этди. 16-юришдан сўнг фарзинлар алмашилди ва баҳс мураккаб эндшпилга ўтди. Шундан кейин томонлар позицион устунликка эришиш учун кураш олиб борди.
Ўйин давомида Гукеш шоҳини фаол позицияга олиб чиқиб, қанотдаги пиёдалар билан босим уюштирди. Синдоров эса рақибнинг режаларига муносиб жавоб қайтарди. Айниқса, партиянинг иккинчи ярмида ҳар икки шахматчи учун вақт омили муҳим аҳамият касб этди.
40-юриш арафасида Синдоров вақт танқислигига дуч келди. Бироқ ўзбекистонлик гроссмейстер мураккаб вазиятдан чиқиб, белгиланган юришлар сонини бажаришга муваффақ бўлди. Кейинги босқичда у ҳатто битта пиёда устунлигига ҳам эришди. Шунга қарамай, позиция мувозанатлашганича қолди ва томонлар дурангга рози бўлишди.
Шу тариқа, 14 партиядан иборат жаҳон чемпионлиги учрашувида учта баҳс ортда қолди. Ҳозирча Синдоров ва Гукешнинг ҳар бири 1,5 очкодан жамғарган.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионлиги учун баҳс 24 ноябрдан 12 декабргача Швейцариянинг Женева шаҳри яқинидаги Кологни ҳудудида ўтказилмоқда. Учрашувда 7,5 очко тўплаган шахматчи жаҳон чемпионига айланади. Агар 14 та классик партиядан сўнг ҳисоб 7:7 бўлса, ғолиб тай-брек баҳсларида аниқланади.
Тўртинчи партия 28 ноябрь, шанба куни ўтказилади. Унда Гукеш оқ доналарда ўйнайди. 27 ноябрь эса шахматчилар учун дам олиш куни этиб белгиланган.