«Қайрат» «Мьельбю» устидан қозонилган ғалаба учун қанча пул ишлаб олди?
«Қайрат»нинг тарихий ғалабаси клубга УЕФА томонидан 400 минг евро, яъни қарийб 201 миллион тенге (5,271,908,466.33 UZS) даромад келтиради.
Қозоғистоннинг «Қайрат» клуби Конференциялар лигаси умумий босқичининг 4-турида Швециянинг «Мьельбю» жамоасини мағлуб этди. Олмаоталиклар учун ушбу ғалаба нафақат турнир жадвалидаги вазият, балки молиявий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамият касб этди. Sports24.kz хабарига кўра, мазкур натижа учун клуб 400 минг евро миқдорида мукофот пули олади.
26 ноябрь куни ўз майдонида ўтказилган учрашувда «Қайрат»га ғалаба келтирган ягона голни 14-дақиқада Эркин Тапалов киритди. Мезбонлар дарвозабони Темирлан Анарбеков ҳам учрашув қаҳрамонларидан бирига айланди. У баҳс давомида еттита сейв амалга ошириб, жамоасининг минимал ҳисобдаги устунлигини сақлаб қолишига ёрдам берди.
Бу ғалаба «Қайрат» учун еврокубокларнинг умумий босқичидаги илк тарихий муваффақият бўлди. Бунгача Қозоғистон клуби ушбу босқичда бирорта учрашувда ғалаба қозона олмаганди.
УЕФАнинг амалдаги мукофот пуллари тизимига кўра, Конференциялар лигаси умумий босқичида ғалаба қозонган ҳар бир клуб 400 минг евро, дуранг натижа учун эса 133 минг евро олади.
«Қайрат» ушбу мавсумда бундан аввал ҳам икки бор мукофот пулига эга чиққан. Олмаоталиклар Латвиянинг «Рига» клуби ва Италиянинг «Аталанта» жамоаси билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган. Ушбу натижалар учун клуб жами 266 минг евро ишлаб олган.
Шу тариқа, «Қайрат» умумий босқичнинг дастлабки тўрт туридан кейин фақат ўйинлардаги натижалар эвазига 666 минг евро, яъни тахминан 334 миллион тенге даромад топди.
Бу суммага турнирда иштирок этганлик учун бериладиган маблағ ҳамда УЕФА регламентида кўзда тутилган бошқа бонуслар киритилмаган. Демак, клубнинг жорий еврокубок мавсумидаги умумий даромади бундан анча юқори бўлади.
Эслатиб ўтамиз, «Қайрат» Конференциялар лигаси умумий босқичини «Рига»га қарши дуранг билан бошлаган, кейин эса Грециянинг «Панатинаикос» клубига 1:5 ҳисобида имкониятни бой берганди. Учинчи турда эса жамоа Бергамода «Аталанта» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, бир очкога эга чиққан.
«Мьельбю» устидан қозонилган ғалабадан кейин «Қайрат» ҳисобидаги очколар сони бештага етди. Жамоа плей-офф босқичига чиқиш имкониятини сақлаб қолди. Олмаоталикларни умумий босқич доирасида яна иккита учрашув кутиб турибди. Демак, клубнинг мукофот пулларини янада ошириш имконияти мавжуд.