Тарихий ғалабалар билан юртимизга қайтган паралимпиадачиларимиз тантанали кутиб олинди
Бугун Тошкент халқаро аэропортининг 3-терминалида Япониянинг Айти–Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтган V Параосиё ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, мамлакатимиз пара спорти тарихидаги энг юқори натижани қайд этган Ўзбекистон делегациясини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси — Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллойоров, Президентнинг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов, спорт вазири Адҳам Икрамов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳамда Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев иштирок этди.
Маросим аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг пара атлетларимизга йўллаган табриги Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева томонидан ўқиб эшиттирилди. Ҳарбий оркестр ижросида давлатимиз мадҳияси янгради, Миллий гвардия байроқдорлари саф тортиб, тантанали маросимга ўзгача руҳ бағишлади.
Тадбир давомида Ўзбекистон делегацияси байроқдори, пара велоспорт бўйича жаҳон ва Параосиё ўйинлари чемпиони Маржона Пардабоева, пара сузиш бўйича Параосиё ўйинлари чемпиони Азизбек Бойназаров, уч карра Параосиё ўйинлари чемпиони Хуршид Кодировнинг онаси Камола Хидирбоева ҳамда мураббийлар сўзга чиқди. Улар мамлакатимизда пара спортни ривожлантириш, спортчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларга яратилаётган кенг имкониятлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Шундан сўнг, тантанали маросимнинг бадиий қисмида таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар спортчиларимизга кўтаринки кайфият улашиб, уларнинг тарихий ғалабаларига бағишланган байрамона муҳитни янада ёрқин намоён этди.