locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Сергей Токов: Провокацияларга ҳам ҳакамлар чек қўйиши лозим

«Хоразм» бош мураббийи Сергей Токов матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Сергей Токов: Провокацияларга ҳам ҳакамлар чек қўйиши лозим
photo: Xorazm fk
Ўзбекистон Суперлигаси
21.07.2026, Як.
Пахтакор
2
Хоразм
1

Бугун Суперлигада 13-турга старт берилди. Тошкентда «Пахтакор» «Хоразм»ни қабул қилди.

Ўйинда гарчи Урганчликлар биринчи бўлиб ҳисобни очишганига қарамай, якунда 2:1 ҳисобига мағлубиятга учрадилар.

Мазкур учрашувдан сўнг «Хоразм» бош мураббийи Сергей Токов матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Ассалому алайкум. Ўйин оғир кечди. Биринчи бўлиб гол урдик, аммо устунликни сақлаб қола олмадик ва гол ўтказиб юбордик. Бу ерда мувозанат етишмади. Иккинчи бўлимни ҳам негадир оғир бошладик, кўп нарса ўхшамади. Лекин бу футбол. «Пахтакор»да деярли тенг кучли икки таркиб бор, шунинг учун бизга биоз қийин бўлди. Улар яхши футболчиларни жамлаган. Шунга қарамай, мухлисларимизни хурсанд қилиш учун ҳаракат қилдик.

- «Хоразм»нинг Суперлигадагӣ ғалабасиз серияси бешта ўйинга етди. Наҳотки, 2,5 ой давомида хатоларни бартараф этишнинг иложи бўлмади? Нима сабабдан бу амалга ошмади?

- Хатоларни тўғриладик, лекин ҳаммасини эмас. Агар барча хатоларни бартараф этганимизда, чемпионлик учун курашаётган бўлардик. Ҳозирча олдинга кичик қадамлар билан ҳаракат қилаяпмиз. Қаранг, рақибларимиз кимлар бўлди: яхши таркибга эга «Андижон», кучли футболчилари бор «Сўғдиёна», «Пахтакор». Шунинг учун мен бу ерда ҳеч қандай фожиа кўрмаяпман. Олдинга қараб ҳаракат қилишимиз керак.

- Биринчи бўлимнинг 35-дақиқалари атрофида сиз ён чизиқ ёнида мураббийлар штаби томон қараб, «ўтувчи ҳовли» деган иборани ишлатдингиз. Бу қайси футболчи ҳақида айтилди? Бундай ҳиссиётга нима сабаб бўлди?

- Бу менинг эмоцияларим. Улар менинг шахсий эмоцияларим ва жамоамизнинг ички масаласи. Қайси футболчи ҳақида эканини айтмайман. Нимага айтишим керак? Бу оддий мураббийлик ҳиссиётлари. Агар инсон ҳамма нарсани ичига ютиб юраверса, саломатлигига ҳам зарар. Шунинг учун эмоцияларни майдонга эмас, ҳеч кимни ҳақорат қилмайдиган томонга чиқаришга ҳаракат қиламиз.

- Ўша футболчи 25 дақиқадан кейин алмаштирилди. Демак, унинг ўйинидан норози бўлдингизми?

- Ҳа, айнан шундай. Биз унинг ўйинидан қониқмадик, шунинг учун алмаштирдик.

- Янги қоидалар ҳақида фикрингиз қандай? Масалан, бугун футболчингиз вақтни чўзди. Кейин айнан ўша футболчи майдонни тарк этиш учун қарийб икки дақиқа вақт сарфлади.

- Мен бу ҳақда футболчим билан гаплашдим. Унга, аввал, жамоа ҳақида ўйлаш кераклигини тушунтирдим, шахсий эҳтиросларини эмас. Унинг айтишича, «Пахтакор» футболчиси уни ҳақорат қилган, ёмон сўзлар айтган. Шунинг учун у шундай жавоб қайтарган. Биз бу борада ишлаймиз, тушунтириш берамиз. Менимча, ҳакамлар ҳам бу ҳолатга эътибор қаратиши керак эди. Менинг билишимча, майдонда ҳақоратли сўзлар ишлатиш ҳам мумкин эмас. Провокацияларга ҳам ҳакамлар чек қўйиши лозим. Бу менинг шахсий фикрим.

- Бу ҳолат сизга маъқулми? Чунки «Пахтакор» ҳисобда олдинда бўлганида ҳам икки марта алмаштириш қилди. Жамоа мураббийи ҳатто Собирхўжаевга: «Тезроқ чиқиш керак», деди.

- Йўқ, албатта. Мен ўйин суръати ошиши тарафдориман. Янги қоидаларнинг асосий мақсади ҳам шу. Фақат улар бир томонлама ишламаслиги, ўйинни яхшилаши керак. Мен тезкор футбол тарафдориман. Менимча, бу жиҳатдан ҳаммаси тўғри бўлди. Бу қоидалар бўйича менда ҳеч қандай салбий фикр йўқ, фақат ижобий.

- Июль ойи бошида клуб раҳбарияти танқидий йиғилиш ўтказгани ҳақида маълумотлар чиққанди. Шу ҳақда батафсилроқ айта оласизми? Қандай вазифалар қўйилди?

- Биласизми, мен ўша йиғилишда қатнашмаганман, шунинг учун бу ҳақда ҳеч нарса айта олмайман. Бу маълумот сизга қаердан келди? Бизда клуб раҳбари бор, ўша йиғилишда у иштирок этган. Шу саволни унга берсангиз яхши бўлади. Мен у киши номидан гапира олмайман, чунки ўзим ўша ерда бўлмаганман. Агар қатнашганимда, албатта, сизларга айтардим. Аммо мен ўша йиғилишда иштирок этмаганман, шунинг учун бу масала юзасидан изоҳ бера олмайман», - дея Токовнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz мухбири.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг