«Реал Мадрид» Тибо Куртуа’га ўринбосар топди
Мадриднинг «Реал» клуби асосий дарвозабони Тибо Куртуа’га келажакда ўринбосар бўлиши мумкин бўлган футболчиларни излашни бошлади. Испания гранди эътиборини Англиянинг «Брайтон» клубида тўп сураётган нидерландиялик Барт Вербрюгген ўзига қаратган. Мадридликлар 24 ёшли дарвозабоннинг ривожланишини диққат билан кузатмоқда. Бу ҳақда Германиянинг Sport Bild нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Вербрюгген Англия Премьер-лигасидаги ишончли ўйинлари билан Европанинг бир қатор етакчи клублари эътиборини тортган. «Реал Мадрид» раҳбарияти унинг ёшлиги, халқаро тажрибаси ва келажакдаги салоҳиятини юқори баҳоламоқда. Дарвозабон яқинда «Манчестер Сити»га қарши учрашувда ҳам муваффақиятли ҳаракат қилиб, жамоасининг 1:0 ҳисобидаги ғалабасига ҳисса қўшган.
Шунга қарамай, Куртуанинг яқин орада Мадрид клубини тарк этиши кутилмаяпти. Белгиялик дарвозабон билан шартномани 2028 йилгача узайтириш имконияти муҳокама қилинмоқда. Вербрюггеннинг «Брайтон» билан амалдаги келишуви ҳам айнан ўша йилда якунланади. Шу сабабли мадридликлар уни келажакдаги эҳтимолий трансферлардан бири сифатида кўриб чиқмоқда.
Маълумот учун, Барт Вербрюгген Нидерландия терма жамоаси дарвозабони ҳисобланади. У 2023 йилда Белгиянинг «Андерлехт» клубидан «Брайтон»га ўтган. «Реал Мадрид» унинг номзодини кузатаётган бўлса-да, ҳозирча клублар ўртасида расмий музокаралар бошлангани тасдиқланмаган.