locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Муҳриддин Зоиров: \"Бу йил \"Локомотив\"га қарши ҳамма жамоа бошқача \"настрой\" билан тушади\"

Футбол
Фарҳод Файзиев
Фарҳод Файзиев
Эксперт
Муҳриддин Зоиров: "Бу йил "Локомотив"га қарши ҳамма жамоа бошқача "настрой" билан тушади"
ФОТО: Локомотив

Тошкентнинг "Локомотив" клуби мавсумни иккита ғалаба билан бошлади. Про лига 1-турида жамоа "Олимпик" устидан 3:2 ҳисобида ғалабага эришди. Мамлакат кубоги гуруҳ босқичи 1-турида "темирйўлчилар" "Наманган ФА"ни қабул қилишди ва 6:1 ҳисобида йирик ғалабани тантана қилишди. Мазкур икки баҳсда "Локомотив" клубининг янги ҳужумчиси Муҳриддин Зоиров иккита гол уришга муваффақ бўлди. Биз "Наманган ФА" билан ўйиндан кейин ҳужумчи билан суҳбатлашдик.

Қишда "Шўртан"ни тарк этиб, Тошкентнинг "Локомотив" клубига кўчиб ўтдингиз. "Темирйўлчилар" сизни қандай кутиб олишди?

Ажойиб. Мени ажойиб кутиб олишди. Жамоа билан хориж йиғинида иштирок этдим ва футболчилар билан тезда чиқишиб кетдим. Раҳбарият ҳам, мураббийлар штаби ҳам мени илиқ кутиб олди.

"Локомотив" Про лига 1-турида "Олимпик"ка қарши жуда оғир баҳс ўтказди ва 3:2 ҳисобида қийин ғалабага эришди. Таркиби буткул янгиланган ёш "Олимпик"дан шундай қаршилик кутганмидингиз?

Тўғрисини айтаман, шундай қаршилик бўлишини кутгандик. Сабаби "Локомотив"га қарши барча клублар бор кучи билан ўйнайди. Бу йилги Про лигада осон ўйинлар бўлмайди деб ўйлайман.

Про лигада бу мавсум "Локомотив"га рақобатчи клуб йўқдек. Бундай ҳолатда ўйинларга мотивация қандай топилади?

Юқорида ҳам айтдим, "Локомотив"га қарши ҳамма жамоа бошқача "настрой" билан тушади. Мавсум охиригача кураш кечади. Мақсадимиз Про лигада биринчи ўринни олиб Суперлигага чиқиш. Насиб қилса бунга эришамиз.

Кеча, 8 апрель куни Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичи 1-тури доирасида "Наманган ФА" йирик 6:1 ҳисобида таслим қилинди. Сиз янги клубингиз сафида кетма-кет иккита гол урдингиз...

Барчаси яратгандан. Худога шукур иккита учрашувда захирадан тушиб бўлса ҳам голлар уришга эришдим. Бундан албатта хурсандман, ҳужумчи майдонга гол уриш учун тушади. Ўз ўрнида "Локомотив" клуби мураббийларига менга ишонч билдиришаётгани учун раҳмат айтаман.

Ёшликда қайси ҳужумчининг ўйинларига ҳавас қилгансиз?

Кичкиналимдан швециялик Златан Ибрагимовичнинг ўйинларини маза қилиб томоша қилганман. Унинг ностандарт ҳаракатлари унча-мунча футболчида йўқ.

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг