Ла Лига. «Атлетико» ўз майдонида «Валенсия»ни мағлуб этиб, тўртинчи ўринга кўтарилди
Испания Ла Лигасининг 16-туридан ўрин олган баҳсда Мадриднинг «Атлетико» клуби ўз майдонида «Валенсия»ни қабул қилди. Кескин ва қизиқарли кечган ўйинда мезбонлар 2:1 ҳисобида ғалабани қўлга киритди.
Ҳисоб 17-дақиқада очилди — «Атлетико» яримҳимоячиси Коке аниқ зарбаси билан жамоасини олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда меҳмонлар фаоллашди ва 63-дақиқада Лукас Бельтран ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Бироқ 74-дақиқада Антуан Гризманн саҳнага чиқди: франциялик ҳужумчининг голи мадридликларга муҳим уч очкони тақдим этди.
Мазкур ғалабадан сўнг «Атлетико» Ла Лигaда ўтказган 16 учрашувдан кейин 34 очко жамғариб, турнир жадвалида тўртинчи ўринга кўтарилди. «Валенсия» эса 15 очко билан 17-поғонада қолмоқда. Айни вақтда чемпионат жадвалида 40 очко билан «Барселона» етакчилик қилмоқда.
Кейинги турда «Атлетико» 21 декабрь куни сафарда «Жирона»га қарши майдонга тушади. «Валенсия» эса 19 декабрь куни ўз уйида «Мальорка»ни қабул қилади.
Ла Лига. 16-тур
«Атлетико» — «Валенсия» 2:1
Голлар: Коке (17), Гризманн (74) — Бельтран (63).