Исломбек Исмоилов «Нефтчи» бош мураббийлигига тайинланди
Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси собиқ бош мураббийи Исломбек Исмоилов ҳам Суперлига клубида иш бошлади. Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати «Нефтчи» клуби ушбу ёш мутахассис билан шартнома тузилгани ҳақида эълон қилди.
«Марғилон шаҳрида туғилган Исломбек Исмоилов ёш бўлишига қарамай, миллий футболимизда сезиларли натижаларга эришиб, мураббийлик соҳасида энг истиқболли кадрлардан бири сифатида танилган. У бошқарган U-17 терма жамоаси замонавий ўйин услуби, интизом ва характер билан мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди», – дейилади клуб матбуот хизмати хабарида.
«Нефтчи» клуби олдига «чемпионликни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш, Осиё Чемпионлар Лигаси элит босқичида муваффақиятли иштирок этиш, жамоанинг рақобатбардош ва узлуксиз ривожини таъминлаш» вазифалари қўйилгани қайд этилган.