Ислом Аҳмедов: «Ўз фалсафамиздан кечмаган ҳолда ўйин кўрсатишга ҳаракат қилдик»
«Андижон» — «Пахтакор» (0:0) учрашувидан сўнг мезбонлар устози Ислом Аҳмедов матбуот анжуманида саволларга жавоб берди.
— Ўйинни қийин ўтишини билардик. «Пахтакор» гранд жамоа, таркибида кучли футболчилар борлигини биламиз. Кучли мураббийга эга. Шунинг учун оғир кечишини сезгандик ва шунга қараб тайёргарлик кўрдик. Ўз фалсафамиздан кечмаган ҳолда иложи борича тўпни назорат қилиш, ҳужумкор ўйин кўрсатишга ҳаракат қилдик. Барибир «Пахтакор» бунга қаршилик кўрсатди ва биз хоҳлагандек ўйин кўрсата олмадик. Рақиб кучли эди. Ўз майдонимизда мухлисларимизни ғалаба билан хурсанд қилишни истагандик. Лекин дуранг бўлиб қолди.
— Битта учрашувда иккита қизил карточка — бу тартиб-интизом масаласида ўйлантирадиган ҳолат. Бу бўйича қандай изоҳ берасиз?
— Биринчи вазиятга келадиган бўлсак, ҳимоячимиз пас орқали вазиятдан чиқиб кетмоқчи эди. Буни ўзимиз ўйинчиларимизга тушунтирамиз. Ҳа, хато бўлди. Охирги фолни қўллади. Бу ерда тажовузкорлик йўқ эди. Бу вазиятда ўзини тўхтата олмаслиги ҳам мумкин, чунки у охирги ҳимоячи. Дарвозага тўп кириб кетиши мумкинлигини ўйлаган ҳолда ўз-ўзидан рақибни ушлаб қолиш ҳолати бўлади. Иккинчи вазиятни оқламаган бўлардим. Тўғри айтяпсиз, кўриб чиқиб, тегишли чора кўрамиз.
— Кўпчилик яна Ҳамидулло Каримовдан гол кутганди. Бу футболчи белгиланган вақтда тушмагандек туюлди. У ҳақида фикр билдирсангиз.
— Аввалги ўйинларда Каримов ўйин охирларида майдонга тушаётганди. Бугун эса бироз эртароқ майдонга туширдим. Кўпроқ вақт бермоқчи бўлдик. Лекин мажбурий ўзгаришлар ҳам бўлди, жароҳати сабабли ўйинчимиз ўйинни охиригача давом эттира олмади. Хоҳлайсизми-йўқми, Хамидулло Каримовга қарши миллий жамоа ўйинчиси ўйнади. Ўз имкониятини кўрсатиши қийин бўлади.
— Майдон марказини кучайтириш мақсадида Шоҳмалик Комиловни майдонга туширсангиз бўлмасмиди?
— Бўларди. Аммо Шоҳмалик жамоамизга яқиндагина қўшилди. Ўйин фалсафамизни тушунтириб боряпмиз. Вақти келиб, уни ҳам майдонга туширамиз.
— Қанот ҳимоячиси Маҳмуд Махамаджонов ўзини яхши томондан кўрсатаётганди. Алмаштирилишига нима сабаб бўлди?
— Мажбурий ўзгариш бўлди. Унинг ўзи жароҳати сабабли захирага олишимизни сўради. Натижада алмаштиришга мажбур бўлдик.