Икки рекордчи футболчи мураббий сифатида тўқнаш келади
19 апрел Ўзбекистон Суперлигаси 6-тури доирасидаги Қашқадарё дербиси бўлиб ўтади. Унда Ғузорнинг "Шўртан" ва Муборакнинг "Машъал" клублари куч синашишади.
Мазкур баҳс Қарши шаҳридаги "Марказий" стадионда бўлиб ўтади.
Эътиборли жиҳати иккала жамоа бош мураббийлари Ўзбекистон чемпионатларида ўз йўналишида мутлақ рекордчилар ҳисобланади.
"Шўртан" устози Анвар Бердиев Ўзбекистон чемпионатлари тарихида энг кўп гол урган футболчи ҳисобланади. "Нефтчи"да юлдузли онларини ўтказган Бердиев Ўзбекистон олий лигасида жами 505 та ўйинда майдонга тушиб, 225 та гол урган. Ҳозирга қадар ҳеч қайси футболчи олий лигамизда бунчалик кўп гол урмаган.
"Машъал" бош мураббийи Асрор Алиқулов эса ўйинлар сони бўйича тенгсиз бўлиб турибди. Футболчилик фаолияти давомида "Машъал", "Насаф", "Пахтакор", "Шўртан" ва "Динамо" клубларида тўп тепган Алиқулов ҳисобида олий лигада 520 та ўйин мавжуд.