“Эль-Класико”даги баҳсли вазиятлар бўйича ҳакамлар қўмитаси якуний хулосасини эълон қилди
Испания футбол федерациясининг Ҳакамлар техник қўмитаси “Барселона” ва “Реал Мадрид” ўртасидаги “Эль-Класико”да юз берган икки баҳсли вазиятга расмий баҳо берди. Қўмита учрашув бош ҳаками Хуан Мартинес Мунуэра қарорларидан бирини тўғри, иккинчисини эса хато деб топди. Бу ҳақда Marca нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, дастлаб “Барселона” ҳимоячиси Алехандро Балденинг жарима майдонида қўли билан ўйнагани кўриб чиқилган. Мазкур вазиятда “Реал Мадрид” футболчилари пенальти белгиланишини талаб қилган, бироқ ҳакам ўйинни давом эттирган эди. Қўмита ушбу қарорни тўғри деб топди. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, тўп Балденинг табиий ҳолатда турган қўлига тасодифан теккан ва пенальти белгилаш учун асос бўлмаган.
Иккинчи баҳсли ҳолат Жоау Канселунинг “Реал Мадрид” футболчиси Ян Диомандега нисбатан қўполлик ишлатиши билан боғлиқ. Португалиялик ҳимоячи рақибининг оёғига бутсаси таги билан зарба берган, аммо ҳакам унга ҳеч қандай карточка кўрсатмаган. Ҳакамлар қўмитаси ушбу қарорни хато деб баҳолаб, Канселу сариқ карточка олиши кераклигини таъкидлади. Бироқ қўполлик ҳаддан ташқари куч ишлатиш билан содир этилмагани сабаб қизил карточкага асос йўқлиги билдирилди.
Маълумот учун, “Барселона” ва “Реал Мадрид” ўртасидаги учрашув 25 октябрь куни Ла Лиганинг 10-тури доирасида бўлиб ўтган. “Камп Ноу” стадионидаги баҳс мадридликларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. Ҳакамлар қўмитаси мазкур вазиятларни ҳар ҳафта эълон қилинадиган “Tiempo de Revisión” дастурида таҳлил қилиб, ўз хулосаларини жамоатчиликка тақдим этди.