Рўзиқул Бердиев: «Эртага бизни фақат ғалаба қониқтиради»
Эртага ОЧЛ 2 мусобақаси доирасида Қаршида «Насаф» Қувайтнинг «Қувайт СК» клубини қабул қилади.
Эртанги ўйин олдидан ташкил қилинган матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ва жамоа футболчиси Ойбек Рустамов қатнашишди.
Рўзиқул Бердиев: - Тайёргарлигимизни одатдагидек олиб бордик. Охирги ўйиндан кейин йигитларни тиклашга ва бўлажак учрашувга тайёрлашга ҳаракат қилдик. Футболчиларга рақибимиз ҳақида маълумотлар бердик. Ўйлайманки, йигитлар ҳар тарафдан бу учрашувга тайёр. Эртанги ўйин ҳал қилувчи ўйинлардан бири. Бу муҳим учрашув, шу сабабли тайёргарлигимиз жиддий. Бўлажак баҳсда ғалаба учун 100 фоиз керак бўлса, ундан ҳам кўпроқ даражада ҳаракат қилишимиз керак бўлади.
Ойбек Рустамов: - Худо хоҳласа, эртанги учрашувга 100 фоиз тайёрмиз. Насиб бўлса, эртага мухлисларимизни хурсанд қиламиз.
- Рақибни қай даражада ўргандингиз?
Рўзиқул Бердиев: - Рақибни жуда яхши биламиз. Яқин икки йил ичида улар билан ўйнагандик. Ўша таркибдан бизга қарши ўйнаган ўйинчилардан ҳали ҳам бор. Ҳақиқатан бу тажрибали жамоа. Ўз мамлакатининг етакчи клуби ҳисобланади. Жамоа ўз чемпионатида биринчи ўринда. Охирги турларда рақибларини йирик ҳисобларда ютди. Тайёргарлиги ҳақида ҳам эшитдинглар, уч кун олдин келишган. Об-ҳавога мослашиш учун машғулотларини Қарши шаҳрида олиб боряпти. Айтиб ўтганимдек, тажрибали жамоа ва яхши легионерлардан иборат. Ўйинни ҳам яхши ташкил қилади ҳамда тезкор ўйнайдиган жамоа. Шунинг учун эртанги беллашувга жиддий ёндашамиз.
- Рақибнинг қайси жиҳатлари «Насаф»га кўпроқ хавф туғдиради?
Рўзиқул Бердиев: - Айтиб ўтганимдек, рақиб анча тезкор ва техникага таяниб ўйнайдиган футболчиларга эга. Жамоа ўйини ҳам шунга шаклланган. Жамоанинг ҳужум чизиғида малакали, тезкор ўйинчилар ўйнайди. Биз буни рақибнинг кучли тарафларидан бири сифатида кўрдик. Буни йигитларга айтдик ва ўйлайманки, ўйинчиларимиз бу жиҳатларга ҳам жиддий эътибор қаратишади.
- Ўтган турда Шароф Муҳитдинов билан Аденис Шала захирадан майдонга туширилганди. Уларни айнан эртанги ўйин учун сақлаганмидингиз?
Рўзиқул Бердиев: - Худди шундай. Ўша куни матбуот анжуманида қатнашмадингиз-да, ўшанда ҳаммасини гапиргандим, бехабар қолибсиз-да. Футболда ҳам шунақа-да, бирор машғулотни қолдириб юборсангиз, орқада қолиб кетасиз. Албатта, бу ҳазил. Нафақат уларни, балки бошқа йигитларни ҳам кучини тежаш мақсадида дам бергандик. Ўйлайманки, эртага улар яхши ҳолатда бўлиб, жамоага ёрдамлари тегишади.
- «Насаф»нинг гуруҳдан чиқиш имкониятини неча фоизга баҳолайсиз?
Рўзиқул Бердиев: - Муҳим паллага кирди. Мақсадга эришадиган, натижаларни қўлга киритадиган пайт келди. Эртанги учрашувда бизни фақат ғалаба қониқтиради. Ўйлайманки, футболчилар майдонда бор куч ва маҳоратини ишга солишади. Албатта, ҳали баҳолашга эрта. Лекин гуруҳдан чиқмоқчи бўлсак, очколар тўплаш керак бўлади.
- Осиё Чемпионлар лигасининг қайси жиҳатлари сизга кучли ҳаяжон беряпти ва Суперлига билан солиштирганда қандай?
Ойбек Рустамов: - Осиё Чемпионлар лигасида ўйнаш ҳамма футболчининг орзуси. Ҳаяжон ҳаммада бўлиши мумкин. Биз майдонга чиққанимизда ҳаяжон ўз-ўзидан йўқолади. Ҳозирги кунда Суперлигамиз ҳам яхши даражада кетяпти. Рақобат кучли, Суперлигада кучсиз жамоа йўқ. Даражаси озгина фарқ қилади, деб ўйлайман. Мураббийимиз айтганидек, муҳим ўйинлар палласидамиз. Фақат ғалаба қозониб, мухлисларимизни хурсанд қиламиз», - дея матбуот анжуманида бош мураббий ва футболчининг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.