“Барселона” Хулиан Альварес билан боғлиқ иш юзасидан жаримага тортилди
Испания Қироллик футбол федерацияси “Барселона”ни “Атлетико Мадрид” ҳужумчиси Хулиан Альварес билан боғлиқ трансфер қоидаларини бузгани учун 602 евро миқдорида жаримага тортди. Қарор Мадрид клубининг расмий шикояти асосида қабул қилинди. Бу ҳақда Mundo Deportivo нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, “Барселона” ёзги трансферлар ойнасида аргентиналик ҳужумчини ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилган. Бироқ каталонияликлар футболчи билан музокара бошлашдан олдин унинг амалдаги клубини ёзма равишда хабардор қилмаган. Шу сабабли “Атлетико” Испания футбол федерациясига шикоят билан мурожаат қилган.
Федерация интизом қўмитаси ишни кўриб чиқиб, “Барселона”ни регламентнинг 133-моддаси асосида айбдор деб топди. Мазкур моддага кўра, белгиланган тартиб-қоидаларни бузган клубга 602 еврогача жарима қўлланиши мумкин. “Атлетико” FIFAга ҳам шикоят юборган, бироқ ташкилот ушбу масала ўз ваколатига кирмаслигини билдирган.
Маълумот учун, Хулиан Альвареснинг “Атлетико Мадрид” билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган. Қизиғи, 2019 йилда Антуан Гризманн трансфери билан боғлиқ шунга ўхшаш можарода ҳам “Барселона” жаримага тортилган эди. Ўшанда каталонияликлар 300 евро тўлашга мажбур бўлган.